2017-04-24 09:29:00

ИҚТИДОРЛИ ЁШ ЧОЛҒУЧИЛАР “СОЗЛАР НАВОСИ”ДА

Урганч санъат коллежида “Созлар навоси” халқ чолғулари ижрочилари республика танловининг Хоразм вилояти босқичи бўлиб ўтди.

            Халқ чолғулари ва чолғучилик санъатини тарғиб қилиш ҳамда ривожлантириш, халқ чолғу ижрочилиги анъаналарини асраб-авайлаш ва уни кейинги авлодга етказиш, шунингдек, ёшларнинг ижрочилик маҳоратини намоён этиши  ва савиясини ошириш учун ижодий майдон яратиб бериш мақсадида уюштирилаётган мазкур танловнинг биринчи, яъни, ҳудудий босқичида воҳанинг Урганч шаҳри ва барча туманларининг 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган  иштирокчилари “Халқ чолғулари” йўналишининг дамли чолғу,  мезробли чолғу, урма-зарбли чолғу, камонли чолғу, “анъанавий академик чолғу” йўналишининг мезробли чолғу, камонли, дамли ва зарбли чолғулар гуруҳлари бўйича ўзларининг ижрочилик маҳоратини синовдан ўтказишди.

            Ҳакамлар ҳайъатининг якуний натижаларига кўра, 17 нафар хоразмлик ёш чолғучи жорий йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган “Созлар навоси” халқ чолғулари ижрочилари танловининг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Икром  ХУДОЙБЕРГАНОВ,

“Туркистон-пресс”