2017-04-24 15:15:00

МАКРОН ВА ЛЕ ПЕН ФРАНЦИЯДАГИ ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИНИНГ ИККИНЧИ БОСҚИЧИГА ЧИҚИШДИ

Якшанба куни Францияда ўтган президентлик сайловларининг биринчи босқичида мамлакатнинг собиқ иқтисодиёт вазири, “Олға” ҳаракати асосчиси Эммануэль Макрон ва “Миллий фронт” партияси етакчиси Марин Ле Пен бошқа сиёсий рақибларидан кўп овоз тўплаб, 7 майда ўтказиладиган сайловнинг иккинчи босқичи иштирокчисига айланишди.

Франция Ички ишлари вазирлигининг тарқатган маълумотларига кўра, Эммануэль Макрон 23,75 фоиз, Ле Пен эса 21,53 фоиз овоз олган.

Мамлакатнинг собиқ Бош вазири, “Республикачилар” ўнг ҳаракати вакили Франсуа Фийон 19,91 фоиз, “Бўйсунмас Франция” ҳаракати етакчиси  Жан-Люк Меланшон эса — 19,64 фоиз овоз тўплаган. Уларнинг ҳар иккиси сайлов пойгасидан чиқиб кетишди.

Макрон сайловнинг биринчи босқичида нисбатан кўп овоз тўплаганини маълум қилди ва икки ҳафтадан кейин барча французларнинг Президенти бўлиш истагини таъкидлаб ўтди. Макрон, шунингдек, унга қўллаб-қувватлов билдирган рақибларига миннатдорлик билдирди.  

“Мен Франсуа Фийон ва Бенуа Амонга қўллаб-қувватлаганлари учун миннатдорлик билдираман. Эртадан бошлаб эса мен барча французларни бирлаштириш кампаниясини бошлайман”, деб  таъкидлади Макрон.

Эслатиб ўтамиз, президентлик сайловининг иккинчи босқичи жорий йил 7 майда бўлиб ўтади.

“Туркистон-пресс”