2017-04-24 15:21:00

ХУСУСИЙЛАШТИРИШ СОҲАСИДА СИФАТ ЖИҲАТИДАН ЯНГИ ЎЗГАРИШЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президентининг“ Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ва “Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришдаги муҳим вазифа сифатида белгиланган хусусий мулкнинг устувор ролини кучайтириш ва хусусийлаштирилган объектлар негизида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Мазкур фармон ва қарорнинг аҳамияти ҳақида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Адҳам Шодмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

—Бугунги кунда жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш вазифалари белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу муносабат билан қабул қилган “Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори хусусий мулкнинг устувор ролини кучайтириш ва хусусийлаштирилган объектлар негизида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўлидагимуҳим қадам бўлди.

Биз, O‘zLiDeP фракцияси депутатлари, мазкур қарорни ҳар томонлама, шу жумладан,сайловчиларимиз манфаатлари ва эҳтиёжлари нуқтаи назаридан чуқур ўрганиб чиқдик. Амалга оширилган таҳлил давлатимиз раҳбарининг қарори мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга экани, ушбу ҳужжатнинг сўзсиз ижросини таъминлашда қатъий парламент назоратини ўрнатиш зарурлигини кўрсатди. Қарор талабларининг ижро этилиши хусусийлаштирилган корхоналарни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспортни жадаллаштириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш ҳисобига иқтисодий ўсишнинг локомотивига айлантириш имконини беради.

Шу тарзда хусусийлаштирилган корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш яқин йилларда республика ҳудудлари ва бутун мамлакатимизни ривожлантиришда кучли омил бўлиб хизмат қилади. Хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш республика Ҳукумати ва ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ғоят муҳим вазифаларидан бири этиб белгилангани бу борадаги стратегик режаларга нақадар жиддий эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Ойбек Жумаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси:

—Мамлакатимизда иқтисодий муносабатларни либераллаштириш иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш билан бевосита боғлиқ. Бу борада хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ишлар самарадорлигини тубдан ошириш, хусусийлаштирилган корхоналар негизида амалга оширилаётган лойиҳаларни тизимли ва манзилли қўллаб-қувватлаш, шунингдек, белгиланган вазифаларни амалга оширишда ваколатли органлар фаолиятини зарур даражада мувофиқлаштириш муҳим ўрин тутади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 18 апрель куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ва “Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ушбу ҳужжатлар танқидий таҳлил натижасида, хусусийлаштирилган корхоналарнинг самарали ишлашига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва ўрганиш асосида қабул қилинди, деб ҳисоблаймиз. Депутатлик тажрибамиздан мисол келтириш мумкин: депутатлар ўз сайлов округларига сафарлари давомида хусусийлаштирилган корхоналар негизида ташкил этилган субъектлар паст рентабеллиги ёки зарар кўриб ишлаётгани билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмаётганига гувоҳ бўлди. Натижада ишламаётган ҳамда деярли бўш ётган объект, самарасиз фойдаланилаётган ер участкалари ва ишлаб чиқариш хоналари аниқланган.

Президентимизнинг ушбу Фармони ва қарорида хусусийлаштирилган корхоналарга ёндашувлари, улар билан ишлаш принциплари ва усулларини тубдан ўзгартиришни, фаолият самарадорлигини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишлаб чиқаришни тиклаш ва ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятининг асосларини ўргатиш, шунингдек, хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлашнинг молиявий манбаларини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Мазкур чора-тадбирларнинг хусусий тадбиркорлик субъектлари учун афзаллиги шундаки, давлат хусусийлаштирилган корхоналарнинг мулкдорларига жиддий ёрдам кўрсатиб, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ва корхоналарни узоқ муддатли ривожлантириш, ихтисослашган ишлаб чиқаришларни тиклаш ва ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг рақобатдошлигини таъминлайдиган замонавий технологияларни жорий этишда яқиндан кўмаклашади. 

“Туркистон-пресс”