2017-04-25 11:21:00

КЕЛИН-КУЁВЛАР БАХТЛИ ҲАЁТ ОСТОНАСИДА

Мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларниҳар томонламақўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

ЯқиндаБухоро шаҳрида бўлиб ўтган хайрия никоҳ тўйи ҳам ёшларга нисбатан ана шундай эътибор ва ғамхўрлигининг амалий ифодаси бўлди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, вилоят ҳокимлиги ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган ўн жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйида уларнинг яқинлари, фахрийлар, санъат намоёндалари, шоир ва ёзувчилар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тантанада сўзга чиққан вилоят ҳокими Ў.Барноев, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси вакили Ў.Турғунов ва бошқалар келин-куёвларни катта ҳаёт остонасига қўяётган илк қадами билан қутлаб, уларнинг вилоят, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилишлари, келгусида Ватанимизнинг довруғини дунёга тарата оладиган муносиб фарзандларни вояга етказишларига тилак билдирдилар.

Келин-куёвларга тўй ташкилотчилари томонидан мебеллар тўплами, рангли телевизор ва бошқа совғалар тақдим этилди.

Тўй арафасида ҳар бир келин-куёвнинг маълумоти, қизиқиши доирасида улар муносиб иш ўрни билан таъминланган эди. Тўй оқшомида уларга тантанали равишда меҳнат дафтарчалари ҳам топширилди.

“Туркистон-пресс”

ЎзА олган сурат.