2017-04-26 10:41:00

БАХТИЁР ОИЛА – БАХТЛИ ЖАМИЯТ АСОСИ

"Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили моҳиятидан келиб чиқиб навбатдаги сўров ўтказди. 

Оила ва никоҳ, фарзанд тарбияси, фуқароларнинг ижтимоий мақсад ва интилишларига бағишланган сўровда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан турли аҳоли қатламлари вакиллари иштирок этди. 

Тадқиқот натижалари оила Ўзбекистон халқи учун муқаддас бўлиб, унинг ижтимоий ва маънавий аҳамияти юқори эканини кўрсатди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ва демократик ислоҳотлар жараёнида оилавий қадриятлар фуқаролар учун асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Уларнинг фикрича, оила мамлакат барқарорлиги ва хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда, фуқаролар фарзандлари ва, умуман, жамият келажаги учун оиланинг жавобгарлигини теран англайди. 

Сўров қатнашчиларининг фикрига кўра, турмуш қураётган йигит-қизларнинг ёши мустаҳкам оила шаклланишига таъсир кўрсатадиган муҳим омилдир. Сўров натижаларига кўра, йигитлар 24-25, қизлар 21-23 ёшда оила қуриши мақсадга мувофиқ, деган фикрдаги фуқаролар кўпайиб бормоқда. Шунингдек, ёшлар оила қуришдан аввал таълим олиши, касб эгаллаши, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиши зарур. 

Иштирокчиларнинг фикрича, ёшларнинг турмушга тайёрлиги уларнинг маънавий етуклиги ва оиласи учун масъулиятни зиммасига олишга тайёр экани билан белгиланади. 

Сўровни ўтказиш жараёнида фуқаролар ёшларни турмушга тайёрлаш ва бу билан ота-оналар шуғулланиши лозимлигини таъкидлади. Ота-оналар мустаҳкам оила қандай бўлиши, эр-хотин бир-бирига ва фарзандларига қандай муносабатда бўлиши, никоҳ-оила масаласига тааллуқли ҳолатларда қандай йўл тутиши кераклигини ўзлари мисолида кўрсатиши керак. Шунингдек, улар мустаҳкам ва аҳил оила қуриш учун зарур фазилат ҳамда кўникмаларни фарзандларига сингдириши шарт. Сўров қатнашчиларининг таъкидлашича, бугунги кунда ушбу жараёнда нафақат оила, балки таълим муассасаси, маҳалла, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатадиган махсус хизматлар ҳам муҳим ўрин тутади. 

Юртдошларимиз Оила кодексида мустаҳкамланган қоидаларни қўллаб-қувватлайди. Ушбу кодексга мувофиқ турмуш қураётган ёшлар тиббий кўрикдан ўтиши ва ўз саломатлиги тўғрисида бир-бирини хабардор қилиши лозим. 

Сўров давомида аҳолининг аксарият қисми (99,4 фоизи) ота-она розилиги бўлажак оиланинг бахтли ва аҳил бўлишида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган. 

Ота-оналарнинг кўпчилиги фарзандларини яхши тушуниши ва уларга ишонишини қайд этган. Улар бугунги кунда ота-оналар ва фарзандларнинг қарашлари ва ҳаётдаги мақсадлари турлича, деган фикрга қўшилмайди. Сўровда оилавий қадриятлар авлоддан-авлодга ўтиб келаётгани, катталар ва ёшларнинг фикри бир-бирига мос келиши аниқланди. 

Тадқиқотда айрим ота-оналар турли сабаблар туфайли фарзанд тарбиясига етарлича эътибор бермаётгани ва бу масалага масъулият билан ёндашмаётгани ҳам маълум бўлди. Иштирокчиларнинг тўртдан бир қисми фарзанди мактабда дарсга қатнашмаётганини тан олган ва буни уларнинг ўқишга қизиқиши йўқлиги ёки оилавий аҳволи яхши эмаслиги билан изоҳлаган. Ҳар ўнинчи ота-она фарзанди бўш вақтини қандай ўтказаётгани, мобиль телефондан қандай мақсадларда фойдаланаётгани билан қизиқмайди ва бу борада боласига ишонишини қайд этган. 

Ижтимоий сўров жараёнида олинган натижалар мактабда ўқувчиларнинг қизиқишига қараб қўшимча тўгараклар, спорт секциялари, кутубхоналар очиш, ёш авлоднинг бўш вақтини самарали ташкил қилиш, уларни кўча, интернет, турли ёт ғоя ва қарашлар таъсиридан ҳимоя қиладиган тадбирлар ўтказиш зарурлигини кўрсатди. 

Халқимиз маҳаллани миллий қадриятларни асраб-авайлаб, авлоддан авлодга етказадиган тарбия маскани, деб билади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида маҳалла институтининг ўрнини янада мустаҳкамлаш ва мақомини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Тадқиқотда маҳалланинг юртдошларимиз ҳаётида тутган ўрни ва оилага таъсири ҳам ўрганилди. Иштирокчилар бу борадаги саволга маҳалла улар ҳаётида "катта ва муҳим ўрин тутади", деб жавоб қайтарган. Мониторинг давомида ўз турмуш тарзи, оила аъзолари ўртасидаги муносабатлар маҳалладаги одоб-ахлоқ меъёрларига мос бўлиши зарур, деб биладиган фуқаролар кўпчиликни ташкил қилиши маълум бўлди. Жамиятимизда маҳалла институти мақомининг юқорилиги ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришнинг ушбу ноёб институти оила ҳаётида катта аҳамиятга эга экани тасдиқланди. 

Ўтказилган мониторинг аҳолининг катта қисми (90,7 фоизи) оилаларнинг ажралишига салбий муносабатда эканини кўрсатди. Фуқаролар оила бузилишига асосан ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, уларда ҳаётий тажриба етишмаслиги, бир-бири билан муроса қила билмаслиги, келишмовчиликларнинг олди олинмаётгани, вақтинчалик моддий қийинчиликлар, эр-хотиннинг феъл-автори бир-бирига мос келмаслиги сабаб бўлаётганини қайд этган. 

Сўров иштирокчиларининг фикрича, турмуш қураётган ёшларнинг муҳаббати, бир-бирини ҳурмат қилиши, ишониши ва қўллаб-қувватлаши, шунингдек, миллий анъана, урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ нормаларига риоя этиши бахтиёр ва мустаҳкам оила ташкил топишида муҳим омиллар ҳисобланади. 

Ушбу сўров оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган давлат сиёсати юксак самаралар бераётганидан далолатдир. Сўров қатнашчиларининг аксарияти мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар оилаларда мустаҳкам муносабат шаклланиши, ёш оилалар моддий аҳволини яхшилаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш имконини бермоқда, деб ҳисоблайди. 

Мухтасар айтганда, тадқиқот Ўзбекистонда оилалар бахтли эканидан далолат беради. Ҳар йили тайёрланадиган рейтинг (The World Happiness Report) натижалари ҳам буни тасдиқлайди. Ушбу тадқиқотда бахт даражаси ижтимоий тараққиётни ифода этиши ва давлат сиёсатининг мақсади ҳисобланиши қайд этилган. Рейтинг натижалари бир қанча тоифа бўйича ўз оиласидаги ҳолатни 0 дан 10 балли шкала асосида баҳолаш таклиф этилган 155 мамлакатнинг 3 минг фуқароси жавобига асосланган. Мазкур рейтингда Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида энг юқори ва дунёнинг 155 давлати орасида 47- ўринни эгаллаган. 

«Ижтимоий фикр» маркази 

материаллари асосида 

Нодира Манзурова, ЎзА