2017-04-26 19:00:00

БАҲОР НАФАСИ ДИЛЛАРГА ТАРОВАТ УЛАШДИ

Санъат турли халқларни бир-бирига яқинлаштириш йўлидаги энг самарали восита десак янглишмаган бўламиз. Хонандаю созандаларнинг дилтортар куйларида гўё шу юртнинг бахту иқболи тараннум этилаётгандек бўлади. Мутасадди ташкилотлар томонидан фестиваллар ва концерт дастурларининг ташкил қилиниши ҳам бежиз эмас.

Шундай тадбирлардан бири “Ўзбекситон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтди. Ўзбекистон Ёшлар симфоник оркестрининг “Баҳор нафаси” номли концерт дастури томошабинларга ҳақиқий баҳор нафасини бахш эта олди десак муболаға бўлмайди.

Маълумот ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2015 йилда МДҲ давлатлари орасида ягона бўлган, мусиқа йўналишидаги нуфузли таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳамда ижодий жамоаларда меҳнат қилаётган 100 га яқин ёш созандалардан иборат Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестри ташкил этилди.  Ўтган давр мобайнида оркестр ўзининг қизиқарли концерт дастурлари билан хорижий давлатлар ва республиканинг турли ҳудудларига ўндан ортиқ гастроллар уюштирди.

 Йиғилганлар эътиборига ҳавола этилган жаҳон классик ва ўзбек миллий опера санъати дурдоналаридан иборат концертда халқаро кузатувчилар, Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, нуфузли меҳмонлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ва иқтидорли ёшлар иштирок этди.

Ушбу концерт ёшлар ўртасида миллий ва жаҳон мумтоз мусиқа санъатини кенг тарғиб қилишга, ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кўзда тутилган.

“Баҳор нафаси” номли концерт дастурида хор жамоалари, яккахон опера ижрочилари томонидан миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг энг сара асарлари ижро этилди. Дастурдаги мусиқий композицияларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, халқаро танловлар лауреати, дирижёр Камоллbддин Ўринбоев маҳорат билан бошқарди.

Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА,

“Туркистон-пресс”

 

ЎзА олган суратлар.