2017-04-26 19:14:00

БАНДЛИККА КЎМАКЛАШИШ МАРКАЗЛАРИ ХАЛҚ ХИЗМАТИДА

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, улар учун барча соҳада зарур қулайликлар яратишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада аҳоли бандлигини ошириш орқали улар даромадлари ва фаровонлиги даражасини ўстириш, зарур шарт-шароитлар яратиш учун қулай ва самарали усуллардан кенг фойдаланилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги тизими, жумладан, Бандликка кўмаклашиш марказларида ҳам кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Бугунги кун талаблари асосида жиҳозланган Тошкент шаҳар Миробод туман Бандликка кўмаклашиш маркази фикримизнинг бир мисолидир.

Бу ерда маҳаллий давлат ҳокимияти билан бирга жамиятни ислоҳ қилишнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, замонавий бозор муносабатлари механизмлари ва воситалари асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, ахборот-коммуникацион технологиялардан кенг фойдаланиб фуқароларни ишга жойлашишларига кўмаклашиш, банд бўлмаган аҳолини, биринчи навбатда ёшлар, аёллар ва ногиронларни қасб-ҳунарга ўқитиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

— Ҳозирги кунда Бандликка кўмаклашиш маркази фаолиятининг энг асосий йўналишларидан бири иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган аҳолининг айрим тоифаларига мансуб шахслар бандлигини таъминлаш, —  дейди марказ директори Б. Олимов.

Туман бандликка кўмаклашиш марказининг фуқароларни ишсиз деб эътироф этиш масалалари бўйича комисссияси томонидан жорий йил биринчи чорагида 32 нафар рақобатлашишга қодир бўлмаган аҳоли ишсиз деб топилиб, ишсизлик нафақаси тайинланган. 30 нафар ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув марказига меҳнат бозорида талаб бўлган касбларга ўқитишга юборилган.

Бундан ташқари, иш қидираётган аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида тумандаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида меҳнат бурчаклари — мавжуд бўш иш ўринлари ташкил этилиб, мунтазам янгиланиб борилмоқда.

Хусусан, 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида 144 нафар фуқаролар мурожаат қилган бўлса, уларнинг 103 нафари ишга жойлаштирилган.

— Мен 1-сонли Республика клиник шифохонасига ишга жойлашдим, Бандликка кўмаклашиш марказининг эшиклари бизлар учун доимо очиқ, — дейди иш сўраб мурожаат қилган Райҳоной Жуманиёзова.

Шунингдек, бандликка кўмаклашиш маркази замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳам фуқароларга мавжуд ваканциялар тўғрисида тизимли равишда маълумотлар бериб борилмоқда.

Жумладан, Миробод туманидаги корхона, ташкилот ва муассасалардан ўзларидаги бўш ўш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар олиниб, Меҳнат вазирлигининг ish.mehnat.uz веб-саҳифасига доимий равишда киритилиб борилмоқда.

Меҳнат вазирлиги Ахборот хизмати маълумотларига кўра, шу йилнинг март ойида тумандаги 300 га яқин корхона, ташкилот ва муассасалардаги 1900 дан ортиқ бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар ish.mehnat.uz веб-саҳифасига жойлаштирилган.

Юртимизда амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорликни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилаётгани самарасида янги иш ўринлари яратилмоқда. Бу эса халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилади.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

 “Туркистон-пресс”