2017-04-27 17:45:00

ИНҲА УНИВЕРСИТЕТИДА “MICROSOFT” ЎҚУВ СИНФИ ОЧИЛДИ

Бугунги кунда ахборот технологиялари бўлган эътибор ва талаб кундан кунга ошиб бормоқда. Шу соҳа бўйича малкали кадрларни тайёрлаш борасида эса кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 26 апрель санасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)да дастурий таъминот ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири “Microsoft” корпорацияси ўқув синфини очди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ректори Сарвар Бабаходжаев ҳамда МДҲ “Microsoft” таълим тармоғи билан ишлаш раҳбари Нурлан Жонибеклар Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари вакиллари, “Microsoft” корпорацияси, талабалар ва IUT ходимлари иштирокида янги таълим синфини очиб бердилар.

IT-синфи замонавий моноблок компьютерлари билан жиҳозланган. Уларнинг барчаси “Microsoft”корпорацияси томонидан беғараз тақдим этилган лицензион дастурий таъминотлар ва ечимлар, шунингдек, машғулотлар ўтказиш учун ўрнатилган қўшимча ускуналар билан таъминланган.

Мазкур синфнинг очилиши билан Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари “Microsoft”нинг дастурий маҳсулотлари тўғрисидаги ўз билимларини мустаҳкамлашади. Бунда IT-синфдан давлат органлари, хусусий компаниялар, кенг аҳоли вакиллари иштирокида турли хилдаги маҳорат мактабларини, тренингларни ва семинарларни ўтказишда фойдаланилади.

Жумладан, “Microsoft”да махсус “Инновацион педагоглар” ҳамжамияти мавжуд бўлиб, у бутун дунёдан минглаб ўқитувчиларни бирлаштиради. Ҳар йили мазкур ўқитувчилар орасидан ўқувчилар учун ўқув жараёнида технологиялардан қизиқарли ва самарали фойдалана оладиганлари “E2 Educators Exchange” конференциясида тўлиқ компания ҳисобидан иштирок этиш имкониятини қўлга киритадилар.

Қайд этилдики, сўнгги уч йил давомида “Microsoft” корпорацияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларига мазкур дастурнинг устунликларидан фойдаланиш имкониятини бермоқда.

Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА,

“Туркистон-пресс”