2017-04-27 20:04:00

ИПАКЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА

Мамлакатимиз пиллачилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришнинг янги қувватларини ишга тушириш ва мавжудларини модернизациялаш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кенгайтиришга қаратилган таркибий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Тармоқда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюш­маси фаолиятини таш­кил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ тижорат банклари иштирокида таъсис этиладиган ҳудудларда пиллачилик корхоналари фаолиятини мувофиқлаштирадиган бешта минтақавий жамиятдан иборат “Ўзбек­ипаксаноат” уюшмаси ташкил этилиши қайд этилди. Шу билан бир қаторда ҳудудий ва туман “Агропилла” корхоналарини ташкил этиш, улар зиммасига сифатли ипак қурти уруғини пиллачилик билан шуғулланувчи касаначилар, ташкилотларга тар­қатиш каби кўплаб вазифалар юклатилди.

Жаҳон тажрибаси кўр­сатганидек, пилла етиштириш ўзига хос фаолият тури бўлиб, унда муваффақиятга эришиш учун тармоқда меҳнат қилаётган ишчилар тажрибаси ва моддий манфаатдорлигига боғлиқ. Қарорда пиллачилик корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш, озуқа базасини кўпайтириш, пиллани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида 2023 йил 1 январгача корхоналар ягона солиқ, ягона ижтимоий тўлов ва божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилиниши, касаначиларнинг жисмоний шахсларга ҳисобланадиган даромад солиғидан озод қилиниши, пилла боқувчилар ва касаначиларнинг пилла мавсуми даврида бажарган ишлари уларга пенсия тайинлашда бир йиллик иш стажи деб ҳисобланиши алоҳида белгилаб қўйилган.

Ушбу имтиёзлар ипак қурти уруғи ва пилла етиштирувчилар, шунингдек, пиллани қайта ишловчи ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш саноати учун катта имкониятлар яратади. Қарорда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши пиллачиликнинг барча жиҳатини қамраб оладиган яхлит бошқарув тизимини яратиш имконини беради.

Шуҳрат АРИПОВ,

Яккасарой туман давлат солиқ

инспекцияси бошлиғи ўринбосари