2017-04-28 13:00:00

ИННОВАЦИЯ – БАРЧА СОҲАЛАР ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ОМИЛИ

Бугунги кунда тараққиётимизни инновация, ишлаб чиқариш ва илм-фан ривожисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу каби йўналишлар ҳар қандай соҳа ривожига асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу борада юртимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори илм-фан ривожида янги даврни бошлаб берди.

Мазкур қарор ижроси юзасидан жойларда қатор салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Андижон машинасозлик институтида амалиётчилар ва олимлар ҳамкорлигида республика илмий-техникавий конференцияси ташкил этилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “GM Uzbekistan” АЖ ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуман машинасозликда инновацион муаммоларни муҳокама қилиш, ишлаб чиқариш, таълим ва фан интеграциясини амалга оширишга қаратилди.

Унда республикамиздаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари ва талабалар 400 дан ортиқ мақолалари билан иштирок этди.

Мазкур конференциядаиштирокчилар кўплаб янгиликлардан хабардор бўлишди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ

“Туркистон-пресс” мухбири