2017-04-28 13:31:00

ЭКОЛОГИК ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси “Тошрангметзавод” АЖ билан ҳамкорликда ташкил этган “Биз билан озода келажак сари” I Республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда қўмита, “Тошрангметзавод” АЖ, “Media Park” савдо мажмуаси ходимлари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юрти талабалари, экспертлар, кенг аҳоли қатлами ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

“Биз билан озода келажак сари” I Республика кўрик-танлови жорий йилнинг 22 январидан 22 апрелига қадар давом этди. Кўрик-танлов шаҳар ва аҳоли турар жойларида мақбул экологик ҳолатни яратиш масалалари, қайта ишлаш ва иккиламчи фойдаланиш мақсадида чиқиндиларни алоҳида йиғиш (тўплаш)ни тарғиб қилиш ва электрон чиқиндилар муаммолари ечимига бағишланган.

Бугун электрон чиқиндилар инсоният олдида турган янги экологик муаммога айланиб улгурди. Эски, яроқсиз ҳолатга келган мобил алоқа воситалари, рақамли фотоаппаратлар, компьютер, принтер, сканер, турли хил электрон ускуналар ўз ўрнини янги, замонавийларига бўшатиб бермоқда.

Шу муносабат билан бугун атроф-муҳит муҳофазасида чиқиндилар муаммоси, уларни бошқариш, аҳолининг экологик билим ва кўникмаларини ошириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига ижодий ёндашиш муҳим йўналишлардан бири саналади.

Мазкур кўрик-танловни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – чиқиндилар билан ишлаш соҳасида экологик муаммоларни ҳал этишда ёш авлоднинг иштирокини кучайтириш, уларнинг атроф-муҳит муҳофазаси, чиқиндилар билан ишлаш ва экология масалаларига эътиборини қаратишдан иборат.

“Биз билан озода келажак сари” кўрик-танлови икки номинация: “Энг яхши видеоролик” ва “Энг яхши постер” йўналишларида ўтказилди.

Танлов эълон қилинган кундан бошлаб, тўрт ой мобайнида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси электрон манзилига қарийб 100 дан ортиқ ижодий ишлар келиб тушди. Кўрик-танловда республикамизнинг деярли барча вилоятларидаги таълим муассасалари талаба ва ўқувчилари иштирок этди.

Биринчи босқич (22 январдан 15 апрелгача) ва иккинчи босқич (15-20 апрель) натижаларидан сўнг, ҳакамлар ҳайъати ва интернет овозга қўйиш орқали 14 та видеоролик ҳамда 28 та постер саралаб олинди. Мазкур ижодий ишлар очиқ овоз бериш учун якуний босқичга тақдим этилди.

Пойтахтимизнинг Сергели туманида фаолият юритаётган “Media Park” савдо мажмуасида “Биз билан озода келажак сари” I Республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Учинчи босқичга танлаб олинган 14 та видеоролик ва 28 та постер очиқ овоз беришга қўйилди.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг икки номинация бўйича ғолиблар ҳакамлар ҳайъати томонидан тантанали равишда эълон қилинди.

Унга кўра “Энг яхши видеоролик” номинацияси бўйича  Тошкент давлат стоматология институти талабаси Шуҳрат Аташев биринчи, Тошкент молия институти талабаси Миролим Абдуллаев иккинчи, Тошкент архитектура-қурилиш институти талабаси Дилмурод Зиёмуҳамедов учинчи ўринни қўлга киритди. “Энг яхши постер” номинациясида эса Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси Эдуард Ким, Тошкент ахборот технология университети талабалари Муҳаммадали Калонов ҳамда Равшан Азимжоновлар мос равишда фахрли уч ўринга муносиб топилди.

Шунингдек, кўрик-танловда фаол иштирок этган қатнашчиларга ташкилотчилар томонидан рағбатлантирувчи совғалар топширилди.

“Туркистон-пресс”