2017-04-28 18:28:00

ЁШЛАР КЕЛАЖАГИГА ЭЪТИБОР

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёшлар онгига чуқур сингдириш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан турли хил тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси Тошкент шаҳридаги “Зарафшон” саройида “Ёшлар, айниқса касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш, шунингдек, Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келган ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш” мавзусида бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Мудофаа вазирлиги, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, уюшмаган ёшлар ва журналистлар иштирок этди.

Мутахассислар йиғилганлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан йўлланган саволларга жавоб беришди. Мутахассисларга Қашқадарё, Навоий, Хоразм, Наманган ва Сирдарё каби бир қатор вилоятлардан ижтимоий тармоқ орқали саволлар келиб тушди.

Тадбир давомида берилган саволларнинг кўпчилигига шу жойнинг ўзида жавоб берилган бўлса, қолганлари масъул шахслар томонидан ёзиб олинди ва керакли чора кўрилиши маълум қилинди.

Анжуман қизғин баҳс-мунозаларга бой тарзда ўтди. 

Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА,

“Туркистон-пресс”