2017-04-28 18:30:00

МУСАФФО ТАБИАТГА ОШНО БОЛАЛАР

Маълумки, шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида Халқаро ер кунига бағишлаб қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур тадбирлар вазирликлар, идоралар, ижтимоий ташкилотлар, ўқув ва илмий муассасалар, маҳаллалар ҳамкорлигида бир ёқадан бош чиқариб ташкил этиляпти. Мақсад эса битта – атроф-муҳит муҳофазаси, ёрқин ва озода келажак учун ғамхўрлик қилиш, уни ёш авлодга бус-бутун етказиш.

Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимиздаги 30-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирокида ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Меҳрибонлик уйида манзарали кўчатлар экилди.

Экологик акцияда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари, инспекция масъуллари, Меҳрибонлик уйи раҳбарияти, тарбиячилар ва тарбияланувчилар, маҳалла фаоллари, экспертлар, оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад– таълим муассасаларида кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, ёшларни атроф-муҳит барқарорлигини таъминлашда фаоллиги ва масъулиятини янада ошириш, мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишига яқиндан кўмаклашиш орқали халқимизга хос эзгу фазилатларни юксалтириш, уларни ёшлар қалбига сингдириш, маҳаллалар ҳудудларини, аҳоли турар жойлари атрофини бундан-да кўркам кўринишга келтиришдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, умуммиллий байрам ва ҳашарларимиздан ташқари, айнан, мазкур байрамга бағишлаб турли тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари, бир-биридан қизиқарли викториналар ўтказилади, яшил ҳудудлар барпо этилади.

Ташкилотчилар ва акция иштирокчилари томонидан Меҳрибонлик уйи ҳудудига ҳашар йўли билан Тошкент хилокатальпаси, қатронға, ғадир-будур дейнеция каби манзарали дарахт кўчатлари экилди. Кўчат экиш пайтида мутахассислар ёш авлодга манзарали дарахт кўчатлари ҳақида қисқа маълумот ҳам бериб ўтдилар.

Ундан ташқари, тадбир давомида болажонлар учун ўйин шаклидаги турли викториналар, бошқотирмалар ҳам ташкил қилинди. Унда болажонлар ўзларини ҳар томонлама кўрсатишга ҳаракат қилдилар, бир-бирлари билан фикр алмашдилар, ўзлари учун янгилик кашф этдилар.

Тадбир сўнггида ташкилотчилар томонидан 30-сонли Меҳрибонлик уйининг энг фаол тарбияланувчилари эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

“Туркистон-пресс”