2017-04-28 17:00:00

ГЕОЛОГИЯ МУЗЕЙИ: ҲАЙРАТЛАР МАКОНИ

Ер юзидаги айрим халқлар ҳудудининг баъзи бир турдаги ресурсларга эгалиги билан ажралиб турса, диёримиз ўзининг серҳосил тупроғи, меҳнаткаш халқининг сермаҳсул меҳнати орқали эришган ютуқлари билан дунё ҳамжамиятини ҳайратга солмоқда. Юртимизда Менделев даврий системасида мавжуд кимёвий элементларнинг барчасини учратиш мумкинлиги ҳам катта эътирофга сазовор бўлмоқда. Ушбу элементларнинг барчасини мавжуд ҳолатда эканлигининг жамланмасини ўзида акс эттирган геология музейи бунинг ёрқин тасдиғи бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитасига қарашли “Геология музейи” 1926 йилда геологлар иш жараёнида тўплаган тоғ жинслари, минералларини, топилмаларини олиб келишлари натижасида ташкил топган.

Музейнинг кўргазмалар залларида дунё аҳамиятига молик бўлган геологик топилма экспонатлари махсус ташкил этилган 12 та зал орқали намойиш этиб келинмоқда. Бу залларда намойиш этилаётган экспонатлар бизнинг геологик нуқтаи назардан жаҳон миқиёсида қай даражада танилганлигимизни, қолаверса миллий ғуруримизни, фанимиз, миллий урф-одатимиз, иқтисодиётимиз ва сиёсатимизнинг қай даражада юксалганлигини намойиш этиб келмоқда.

Юқорида таъкидлаганимиздек, музейдаги экспонатларнинг алоҳида залларга бўлинган ҳолда шакллантирилиши музейга ташриф буюрувчиларда бу экспонатлар ҳақида тўлақонли маълумот олиш  ва вақтдан унумли фойдаланиш имконини беради. Залларни ташкил этишда эътибор берилган яна бир ўзига хос жиҳат бу ташриф буюрувчиларнинг илмий салоҳияти ва ёшлари нуқтаи назарига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айтайлик асосий залдан то бешинчи залгача жойлаштирилган экспонатлар мактаб ёшидаги ташриф буюрувчилар учун мўлжалланган бўлиб, улар бу залларда ер куррасининг ташкил топиши ва ўзларининг билим базаси доирасида тушуниб етиши мумкин бўлган геологик топилмалар билан танишишлари мумкин.

Мисол учун асосий залдаги экспонатлар 7 та витрина орқали ер шари ҳақидаги умумий тушунчалар, қуёш системаси, ер шарининг коинотдан тасвирланиши, вулқон тузилмаси ва зилзила кабиларга бағишланган бўлса, Иккинчи қадимги тоғ кон саноати залида эса, қадимги одамлар меҳнат қуроллари, уларнинг турларига қараб, одамлар яшаган даврлар нуқтаи назаридан жойлаштирилган. Бу қуролларни одамлар тоғ жинсларидан кесувчи, арраловчи, бурмаловчи ва бошқа кўринишларда тайёрлашган. Кетма-кетликда жойлашган витриналарда нафақат қадимги меҳнат қуроллари ва қадимги одамлар меҳнат тараққиёти билан боғлиқ, бронзадан ойналар, тақинчоқлар, мунчоқлар, темир мих, танга ва ханжарларни ҳам учратиш мумкин.

Музейнинг яна бир учинчи зали Китоб қўриқхонаси топилмалига бағишланган бўлса, тўртинчи умуртқалилар залида эса, балиқ, тошбақа, тимсоҳ, динозавр ва хартумлар каби ҳайвонларнинг умуртқа қолдиқларини учратишимиз мумкин. Айниқса бу залга ташриф буюрганларда зал марказида қад ростлаган диназаврнинг скелет кўриниши катта ҳайрат уйғотади. Ушбу ўрдак бурунли ўтхўр Прохенеозавр топилмаси 1961 йилда Тошкентдан 45 километр узоқликда Келесда топилган.

Музейнинг учинчи қаватида жойлашган Ўзбекистоннинг геологик ривожланиш тарихи залида республикамизнинг ҳар бир шаҳрининг геологик ривожланиш тарихи ва биздан аввал яшаб ўтган жонивор ва ўсимликлар қолдиқлари ҳақида маълумот берувчи 700 дан ортиқ экспонатлар жой олган.

Умуман олганда музейда ташкил этилган заллар ташриф буюрувчиларга қайси залга ташриф буюришидан қатъий назар ўзларини қизиқтирган мавзу бўйича тўлақонли маълумот берувчи жамланмага эга ва айнан шу хусусияти билан ўзига ўхшаш турдаги музейлардан фарқ қилади.

Геология музейи нафақат юртимизга ташриф буюрувчиларда, балким, чет эллик тадқиқотчиларда ҳам катта таассурот ва қизиқиш уйғотмоқда ва бу музей бугунги кунда соҳага алоқадор республикамизнинг барча геологик билим юртларидан, коллеж ва мактабларидан ташриф буюрувчи ёшлар соҳага оид асосий билимларини бойитиш манбаи сифатида фойдаланишида ҳам катта роль ўйнамоқда.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири