2017-05-02 16:00:00

ЁШ ИҚТИДОРЛАР ТАНЛОВИ

Ўзбекистон давлат консерваториясида “Санъат ғунчалари” XIX республика ижодий танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбeкистoн Бaстaкoрлaр уюшмaси ҳамкорлигида ташкил этилган танловда мамлакатимиздаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейларининг 5-9-синф ўқувчилари ўз маҳоратини намойиш этди.

Танлов ёш ижрочиларнинг ўз мутахассислиги бўйича ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш, жаҳон мумтоз бастакорларнинг асарлари, ўзбек ва бошқа халқлар бастакорлари куйларидан баҳраманд бўлишлари учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек, ўзбек мусиқа маданиятини юксак даражага кўтаришга ҳамда миллий санъатимизни дунё саҳналарига олиб чиқиш ва иқтидорли ёшлар ижодини тарғиб этиш мақсадида анъанавий ўтказиб келинмоқда.

Танловнинг ҳудудий саралаш босқичлари жорий йилнинг 18-19 апрель кунлари республикамизнинг барча ҳудудларида юқори савияда ўтказилиб, унда жами 360 нафар ёш истеъдод соҳиблари иштирок этди. Иштирокчиларнинг 137 нафари мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

“Санъaт ғунчaлaри” XIX республикa танлoвида иштирок этган ижодкорларёшга кўра кичик (11-13 ёш) ва катта (14-15 ёш) гуруҳларга бўлинди ҳамда флейта, габой, кларнет, саксафон (альт), фагот, труба, валторна, тромбон, тенор-баритон, туба, зарбли чолғулар йўналишида ўз маҳоратларини намойиш этишди.

— Танловда Борис Гиенко қайта ишлаган “Ёлғиз” асарини ижро этдим, — дейди В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқувчиси Мадина Содиқова. — Албатта, бироз ҳаяжонландим. Бу каби саҳналарда ижро маҳоратимизни ошириш халқаро миқёсда ютуқларни қўлга киритишимизда пойдевор вазифасини ўтайди.

Танлов доирасида концертлар, болалар расмлари кўргазмаси, диққатга сазовор масканларга саёҳатлар, маҳорат дарслари бўлиб ўтди. Ғолибларга диплом ва совғалар топширилди. 

Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА,

“Туркистон-пресс”