2017-05-03 21:21:00

АНВАР СОБИРОВ: САНЪАТНИ СЕВМАГАН ИНСОН ЙЎҚ

Санъат инсон фитратини юксалтириб, руҳиятни тозалайди, эзгу амалларга чорлайди, фазилатларини жилолантиради, қўйингки, маънавий баркамол этиб тарбиялайди. У қадим замонлардан бугунгача бу қутлуғ вазифани елкасида ортмоқлаб келади.

Мухбиримиз соҳир қўшиқлари билан халқимиз қалбига йўл топа олаётган хонанда, айниқса, “Жийда гули” телесериали орқали кўпчиликка яхши таниш Анвар Собировнинг бугунги миллий қўшиқчилик санъати каҳкашонидаги ўй-мулоҳазалари билан қизиқди.

– Анвар ака, баҳорнинг сўлим кунлари арафасида учрашиб турибмиз. Насиб қилса, газетхонларимиз сиз билан ўтказилган суҳбатимиздан ҳам баҳраманд бўлишади. Келинг, суҳбатимизни фасли навбаҳордан бошласак.

— Мен ёқтирган фасл бу — баҳор. Халқимизга айнан баҳор фаслида тасвирга олинган “Жийда гули” сериали орқали яна бир бор танилганим ҳам менга хуш ёқади. Албатта, ижод завқи билан яшаяпмиз. Бу йўлда санъатсевар халқимизнинг меҳри, эътибори, гўзал диёримизнинг отган ҳар файзли тонги илҳом, зўр куч-қудрат бағишлайди.

– Бугунги ўзбек миллий қўшиқчилик санъати ва унинг тарбиявий аҳамияти ҳақида гапириб берсангиз.

– Санъат инсонни ҳам тарбиялайди, ҳам даволайди. Ибн Сино бобомиз ҳам санъатга алоҳида меҳр бериб, айрим беморларини куй-қўшиқлар ёрдамида даволаганини яхши биламиз. Замонавий тиббиётда ҳам мусиқа билан даволаш усули қўлланилади. Таъбир жоиз бўлса, бугун бу усул самарали, дея эътироф этилмоқда. Дарҳақиқат, мусиқа, албатта, у яхши бўлса, инсон руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади.

Бир ривоятда келтирилишича, инсоннинг жони ҳам мусиқа билан кирган экан. Шундай экан, санъатни эъзозлашимиз, уни асраб-авайламоғимиз ва энг муҳими, биз – санъаткорлар уни бузмаслигимиз, аксинча, таъсирчанлигини янада оширмоғимиз зарур. Олдимиздаги энг муҳим вазифа, олий бурчимиз ҳам шу. Демак, санъат сеҳрини бутун оламга тараннум этишимиз керак.

Алоҳида фахр билан айтиш жоизки, дунё қўшиқчилик санъатида ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг алоҳида ўрни бор. Санъаткорларимиз ўарб мусиқа асбобларини ҳам ўзимизнинг миллий чолғу асбобларимизни ҳам маромига етказиб ижро этишади, уйғун мусиқа оҳангида қўшиқ куйлайди. Аммо бизнинг миллий мусиқамизни ижро этиш хорижлик санъаткорлар учун ҳар доим ҳам осон кўчавермайди.

Бу жиҳат ҳам миллатимизнинг бетакрор мусиқа санъати борлигидан доимо фахрланишига арзийди. Мен шундай юрт фарзанди эканимдан Яратганга шукроналар келтираман.

– Анвар ака, бугунги “замонавий” эстрада санъати ҳақида кўпчиликнинг фикри ижобий эмас. Гап қай ўзанга бурилганини сезган бўлсангиз керак.

– Ҳа. Афсуски, шундай. Эҳтимол эстрада санъатига менинг баҳо беришга, муҳокама қилишга ҳаққим йўқдир. Аммо сиз ўртага муҳокама учун мавзу ташлаган экансиз, унинг соясида дилимдаги мулоҳазаларимни айтиб олай. Бугунги кўпчилик санъатга қизиққан, лекин унинг қудратини, сеҳрини, моҳиятини тушунмаган ёшларимиз қўшиқни, умуман, санъатни бозор қилишаяпти. Ачинарлиси, улар сони кўпайиб бормоқда.

Ёшларнинг яна битта камчилиги — тор доирада ижод қилиш йўлига ўтиб олганида кўзга ташланади. Уларнинг хонишларини, тўғрироғи, қўпол бўлса узр, ғингшишларини эшитиб, қўшиқ ёки ашула дейишга ҳам тил бормайди. Бу каби “хониш”ларнинг умри йўқ, яшамайди. Биласизми, ҳозирда айрим ҳаваскор санъаткорларимиз орасида ўзи шеър ёзиб, ўзи қўшиқ қилиб айтиб, ўзи эшитадиганлар кўпайиб кетди. Энг даҳшатлиси, бугун бу қўшиқларни баъзи нодавлат телерадиостанциялар такрор ва такрор эфирга узатишмоқда. Шу ўринда устозларимизнинг санъат соҳасида танилиш бошқа, севимли бўлиш мутлақо бошқа жараён экани ҳақидаги гапини эслаш жоиз. Буни ҳозирги ёш санъаткорларимиз англасалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бизга таскин берадиган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Бугун санъатга ҳукумат даражасида эътибор қаратилаяпти. Халқимизнинг талаби юксалмоқда, ҳақиқий санъатга оид тушунчалар, қарашлар мустаҳкамланмоқда, ёшларимизнинг ҳам маънавияти юксалмоқда. Демак, турфа хонандалар томонидан ижро этилган қўшиқларнинг сараги саракка, пучаги пучакка чиқадиган фурсат келди.

– Яхши мавзуни эслатдингиз. Маънавиятни юксалтиришда китобхонликнинг ўрни жуда муҳим. Санъат китоб мутолаасисиз мукаммал бўлмаслигини яхши биламиз. Бунга қўшимча нима дейсиз?

– Инсоннинг энг яқин дўсти китоб. Бугунги замонавий технологиялар ривожланган, интернет асри, деб ҳам эътироф этилаётган давримизда китобларнинг ўрни ғоят муҳимдир. Албатта, китоб ўқишнинг ҳам ўзига хос маданияти бор. Китобни ёшимизга мосини, маънавиятимизга хосини танлаб ўқишимиз керак. Чунки китоблар орасида миллийлигимиз, мафкурамизга тўғри келмайдиганлари ҳам топилади. Шу боис, тўғри танлаб ўқилган китоб катта куч манбаидир.

Бадиий адабиётларни ўқиб, улардан дунё ҳикматларини билиб олиш мумкин. Ўзим ҳам бадиий китобларни севиб мутолаа қиламан. Ҳар сафар янги китоб ўқиганимда руҳиятимизда гўзал бир эврилиш туяман, маълум муддат шу асар қаҳрамонлари ҳаёти хаёлимда юради. Ўз навбатида ижодимда ҳам шунга мос янгиликлар сезилади, илҳом бағишлайди. Шунингдек, китоблар инсон дунёқарашини кенгайтириб, давраларда, кенг омма олдида гапириш маданиятини шакллантиради.

– Юртимизда истеъдодли ёшлар кўп. Айниқса, қишлоқларда камол топаётган иқтидорли ёшларимизни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти.

– Вилоятларда ўтказилган тадбирларда бўлганимизда кўплаб ширали овоз соҳиблари борлигига гувоҳ бўлганмиз. Фақат улар халққа танилиши учун бироз кўмакка муҳтож, назаримда. Албатта, бу борада кўплаб амалий саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Қишлоқларда фаолият кўрсатаётган мусиқа ва санъат мактаблари, анъанавий ўтказиб келинаётган турли кўрик-танловлар ёш истеъдод эгаларини кашф этишда, уларни керак бўлса, дунёга танитишда муҳим омил бўлмоқда.

– Хонандалар томонидан концерт бериш маданиятиҳақида фикрингиз қандай?

– Улар орасида концерт бериш худди пойгадай жараёнга айланиб қолди. Ўнта ёки ўн бешта қўшиқ чиқарган санъаткорлар дарров концерт бериш пайига тушиб қолишади. Томошабинлар эътиборига ҳавола этиладиган қўшиқлар савияси эса уларни мутлақо қизиқтирмайди. Муҳими, машҳурликка эришиш. Концерт бериш маданияти ҳақида эса умуман тасаввурга эга эмаслар. Аслида концерт бермоқчи бўлаётган санъаткор аввало, ўзига савол бериши керак: концертимдан халқ ўзига нима олади, томошабинларга маънавий жиҳатдан нималар тақдим эта оламан? Ана шу саволларга жавоб топа олсагина, кейин тайёргарликни бошлаши зарур. Концертда эса қўшиқларнинг энг яхшиларини, яъни “гулдаста”сини танлаб олиш даркор. Ахир, концерт ҳам имтиҳондай гап.

– Раҳмат. Келгуси ижодингизга барака, баркамоллик тилаймиз.

“Туркистон-пресс” мухбири

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ суҳбатлашди