2017-05-04 20:00:00

“ШУМ БОЛА” КИНОФЕСТИВАЛИ БОШЛАНДИ

Алишер Навоий номидаги Кино саройида немис ва ўзбек киноижодкорлари ҳамкорлигида “Шум бола” кинофестивали ўтказилмоқда.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги, Тошкентдаги Гёте институти, “Шлингель” халқаро кинофестивали ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир доирасида икки давлат киноижодкорлари томонидан суратга олинган 8 та фильм намойиш этилади.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори О.Мусаев, “Шлингель” халқаро кинофестивали директори М.Харбауер ва бошқалар Ўзбекистон – Германия ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори санъат ва маданият, хусусан, кинематография йўналишида ҳам изчил тараққий этиб бораётганини таъкидлади.

Ҳамкорлик самарасини Ўзбекистон ва Германияда ўтказилаётган турли маданий тадбир ва фестивалларда намойиш этилаётган кинематография соҳасининг энг сара асарлари, фольклор жамоалари, фото ва тасвирий санъат усталарининг ижод намуналарида кўриш мумкин.

Фестиваль доирасида германиялик киноижодкорларнинг “Кўз даражасида”, “Ажойиб ўрдак”, “Менинг заминим”, “Абадий дўстлик”, “Қирол Лаурин”, “Бир киши вақтга қарши”, “Хайди”, ўзбек ижодкорларининг “Ойқиз эртаги” ва янги анимацион фильмлари намойиш этилади. Болаликнинг беғубор дунёси, қувноқ ва жўшқин воқеаларни акс эттирган фильмларда немис ва ўзбек халқларининг турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари, ёшларнинг дунёқараши ва ички кечинмалари тасвирланган.

Мамлакатимиз кино ихлосмандлари фестиваль кунлари Германиянинг таниқли киноижодкорлари – режиссёрлар, актёрлар ва сценарий муаллифлари билан учрашиш имконига эга бўлади. 

Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА,

“Туркистон-пресс”