2017-05-04 20:05:00

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОНДА ИСТИҚБОЛЛИ БИЗНЕС ҒОЯ МУАЛЛИФЛАРИ САРАЛАНДИ

Нукусда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Менинг бизнес ғоям” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва бир қатор тижорат банклари ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу танлов битирувчиёшларнинг турли лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Танловда 150 битирувчи ўз лойиҳа ва ғоялари билан иштирок этди. Иштирокчилар мутахассислар томонидан ўтказилган семинарларда ҳунармандлик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, инновацион ғоялар, чорвачилик йўналишлари бўйича билимини синовдан ўтказди.

Хўжайли тиббиёт коллежи битирувчиси Роза Бозорбоеванинг миллий қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича бизнес ғояси кўпчиликни қизиқтирди. Банкнинг 10 миллион сўмлик имтиёзли кредити эвазига амалга ошириладиган бу лойиҳада 2 кишининг бандлиги таъминланади. 

Танловда ўз ғояларини таклиф этган барча иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Энг яхши деб топилган 11 истиқболли ғоя соҳиби танловнинг мамлакат босичига йўлланма олди. 

“Туркистон-пресс”