2017-05-05 11:28:00

ЎРТА МУДДАТЛИ БЮДЖЕТНИ ИШЛАБ ЧИҚИШНИНГ ХОРИЖИЙ ТАЖРИБАСИ ЎРГАНИЛДИ

Жорий йилнинг апрель ойи бошида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда БМТТД “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш 2 фаза” амалга оширилаётган қўшма лойиҳаси доирасида вазирлик ва идоралар, Жиззах, Тошкент ва Наманган вилояти ҳокимияти мутахассисларидан ташкил топган Ўзбекистон делегацияси Чехия Республикасида ушбу мамлакатдаги давлат ҳокимияти органлари фаолиятини ташкил қилиш соҳасидагитажрибаси билан танишиб чиқди.

Хусусан, чех мутахассислари билан мулоқот ва тақдимотлар давомида ҳамюртларимиз ҳудудларни комплекс ривожлантириш, давлат ва маҳаллий бюджетларни шакллантириш, ўрта муддатли бюджетни амалга оширишнинг услубий асоси ва механизми  ва бошқа масалалар билан танишиб чиқдилар.

Ўрта муддатли бюджет тизимини жорий қилишнинг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 88 моддаси ҳисобланади. Ушбу моддада шундай деб айтилган: “Бюджет маблағларини тақсимловчининг ривожлантириш дастури бюджет маблағларини тақсимловчи томонидан уч йилдан кам бўлмаган давр учун тузилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

· бюджет маблағларини тақсимловчи фаолиятининг барча соҳалари бўйича ривожланишнинг асосий йўналишлари, мақсадлари ва вазифаларини;

· мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажаришга қаратилган ўзаро боғлиқ ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий ва техник тадбирлар мажмуини;

· мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажаришни таъминлайдиган, муддатлари ва турлари бўйича келишилган кутилаётган натижалар кўрсаткичлари тизимини”.

БМТТД лойиҳаси томонидан пилот майдонини тадбиқ этиш учун Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги грант маблағлари жалб қилинган.

Ўрганилган Чехия Республикаси амалиёти ҳудудий ўрта муддатли бюджетни шакллантириш соҳасида фойдали ва самарали восита эканлигини инобатга олган ҳолда 2017 йилнинг 28 апрель куни Молия вазирлиги, Наманган вилояти ва Наманган шаҳри ҳокимиятлари ҳамда БМТТД лойиҳаси вакиллари Наманган вилоятида бўлиб ўтган ишчи учрашуви давомида ушбу илғор тажрибани тадбиқ этиш масалаларини муҳокама қилишди.

Наманган шаҳрида ўрта муддатли бюджетга ўтиш тажрибасини тадбиқ этишни амалга ошириш 2018-2020 йилларга режалаштирилган. Шундай экан, бу тажриба бюджет тузилиши ва сарфланишини режалаштиришга, шаҳар бюджетини шаҳарни ривожлантириш дастури билан боғлашга шароит яратиб беради. Мазкур жараён давомида молия бошқаруви ишчилари учун ўрта муддатли бюджетни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёни ва механизмини ойдинлаштирадиган амалий қўлланмалар тайёрланиши кутилмоқда.

Учрашув чоғида Наманган вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Акмалхон Ортиқов бюджет сўровини тузилишини таҳлил, прогноз ва режа асосида таъминлашни таклиф қилди. Шунингдек, бюджет лойиҳасида нафақат пул маблағлари, балки контингент, яъни таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда ишчилар сони, ҳам белгиланиши таъкидлаб ўтилди.

Наманган шаҳри ҳокими Баҳодир Бекходжаевнинг 2017 йил 20 апрелдаги 453 сонли қарорига мувофиқ ўрта муддатли бюджетни амалга ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди, ишчи гуруҳи ва тегишли тадбирлар режаси тузилди.

БМТТД қўшма лойиҳаси вакиллари учрашув қатнашчилари билан ишчи гуруҳи аъзолари ўртасида вазифалар тақсимланиши, Наманган шаҳрида ўрта муддатли бюджетни амалга ошириш бошқа масалалари бўйича атрофлича фикр алмашишди.

Шуни таъкидлаш жоизки, хозирги пайтда  маҳаллий бюджетлар фақат келаси бир йилга режалаштирилади, шу билан бирга ушбу ўрта муддатли бюджетга ўтиш амалиёти Ўзбекистонда биринчи бор амалга оширилмоқда.

Аҳамиятлиси, ўрта муддатли бюджетни жорий қилиш натижасида мазкур маъмурий бирлик турли секторларини ривожлантириш давомида асосий йўналишлар ва тадбирларни режалаштириш механизми такомиллашади, бу эса ҳокимият каттароқ мақсадларга эришиши ва минтақа ривожланиши истиқболини янада кенгрок вақт доирасида кўра олишини таъминлайди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”