2017-05-06 11:11:00

ИНСОН АЗИЗ, ХОТИРА АБАДИЙ

Ўтганларни ёд этиш, нуроний отахон ва онахонларни ардоқлаш, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизнинг азалий урф-одатлари, қадриятлари  сирасига киради.

Бу 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Урганч Суратлар галереясида ташкил этилган “Инсон азиз, хотира абадий” номли ранг-тасвир асарлари бадиий кўргазмаси ва хотира кечасида яққол исботини топди.

Кўргазма экспозициясидан Хоразм воҳасида яшаб, кўп йиллар самарали ижод қилган, бунинг баробарида, авлодларга ўзидан бой маданий мерос қолдирган Сапо Дўсчонов, Тожибой Жуманиёзов, Лола Абдуллаева, Павел Кичко каби таниқли рассомларнинг Урганч Суратлар галереяси музей фонди жамғармасида сақланаётган бетакрор картиналари ўрин олди.

Деярли икки ҳафта давом этадиган кўргазмани санъатсевар ҳамюртларимиз катта қизиқиш билан томоша қилишаётир. Айниқса, С.Дўсчоновнинг “Арава билан натюрморт”, “Хоразмлик санъаткорлар”, “Хоразмлик”, П.Кичконинг “Чиғаноқлар”, “Наврўз”, “Саломлашув”, Лола Абдуллаеванинг “Хоразм шуъласи”, “Огаҳий портрети”, Т.Жуманиёзовнинг “Қиз портрети”, “Хаёл”, “Баҳор” сингари ўнлаб асарлари ўзининг жозибадорлиги билан томошабинларни жалб қилаётир.

Икром ХУДОЙБЕРГАНОВ,

“Туркистон-пресс”