2017-05-06 14:54:00

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА ОПЕРАТОРЛАРИ ФАОЛИЯТИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ходимлари билан ҳамкорликда “Ўзбектелеком”АКнинг Тошкент шаҳар телефон тармоғига қарашли “Call center”ягона хизмати ходимлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатлар билан ишлашга бағишланган семинар ташкил қилди.

Унда таъкидланганидек, “Call center”ходимларининг асосий вазифаси ариза берувчилар учун қулай шароит яратиш. Жумладан, ҳар бир мурожаатни ўз вақтида қабул қилишга эътибор қаратиш лозим. Бугунга қадар Президент Виртуал қабулхонасига 724 минг мурожаат келиб тушган бўлса, 50 фоизидан ошиғи “Call center”операторлари томонидан ёзиб юборилган.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилганидек, тизимли асосда юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича Виртуал қабулхона фаолияти, шунингдек ҳудудлардаги Халқ қабулхоналарининг фаолияти йўлга қўйилиши жамиятимизда “Инсон манфаатлари –барча нарсадан устун”деган эзгу ғоянинг амалга ошишига хизмат қилмоқда.

Бугун қуйи тизимдаги ташкилотлар ҳам фуқаролармурожаатига жиддий қараши кераклигини, натижадан қониқмаган мурожаатчи ҳар қандай ҳолатда Виртуал қабулхонага мурожаат қилиши мумкинлигини яхши англайди. Қолаверса, мурожаатнинг мазмунига кўра тўғри йўналтирилиши ҳам муҳим масала. Айнан шу мақсадда ҳам барча давлат органлари ҳам ўзларининг виртуал қабулхоналарини ташкил қилишмоқда.

Қўнғироқларни қайта ишлаш марказининг операторлари иштирокида аҳолининг Виртуал қабулхонага йўллаётган мурожаатларини қабул қилиш сифатини ошириш, аҳоли мурожаатлари билан юзага келаётган тушунмовчиликлар ва мавжуд бошқа масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, бу йўналишда операторлар йўл қўяётган камчилик ва хатолар қайд этилиб, тегишли тавсиялар берилди.

“Туркистон-пресс”