2017-05-07 20:18:00

ХИЗМАТИМИЗ БЕМИННАТ БЎЛАДИ

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик париятси ташаббуси билан мамлакатимиз бўйлаб старт олган “Хизмат — беминнат” лойиҳаси Наманган вилоятида ҳам катта қизиқиш билан қарши олинди.

ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши, вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими, халқ таълими бошқармалари, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари ҳамкорлигида Наманган муҳандислик-технология институтида бошланган ўқув курсларининг дастлабки машғулотларига Наманган шаҳридаги Давлатобод даҳасида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи уюшмаган ёшлар жалб этилди.

Одилжон Маматкаримов, Наманган муҳандислик-технология институти ректори, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, ЎзМТДП фаоли:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ёшлар билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини тинглаш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак бериш кераклигини таъкидлаган эдилар.

Партиямиз сайъ-ҳаракатлари натижасида киришилган “Хизмат — беминнат” лойиҳаси ёш авлодни “устоз-шогирд” анъанаси асосида касб-ҳунарга ўргатиш, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар билан мунтазам мулоқот ўтказиш орқали уларни бепул ўқишга тайёрлашга қаратилгани диққатга молик.

Институтимизнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари, фан олимпиадалари ва турли танловларда ғолиб чиққан иқтидорли талабаларни жалб этган ҳолда лойиҳани қўллаб-қувватлаймиз.

Маҳмуд Тожибоев, Наманган муҳандислик-технология институти магистранти, кимё фани бўйича республика фан олимпиадаси ғолиби, “International youth summit-2016” халқаро ёшлар саммити қатнашчиси:

— “Хизмат—беминнат” лойиҳаси бошлангани, унда белгиланган мақсад-вазифалар билан танишгач, дилимдан ушбу лойиҳада фаол иштирок этиш, тенгдошларим, ука-сингилларимга беминнат ёрдам бериш истаги пайдо бўлди.

Олийгоҳимиз жойлашган ҳуддуддаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан кимё фанига қизиққан ёшлар иштирокидаги ўқув курсларининг дастлабки машғулотларини бошладик. Қувонарлиси, ўғил-қизлар орасида илму ҳунарга меҳр чақнаб турган кўзларга гувоҳ бўлдик.

Умиджон Ҳошимов, Наманган шаҳридаги “Порлоқ” МФЙ фуқароси:

— Ёшим 26да, айни пайтда вақтинча ишсизман. “Хизмат — беминнат” лойиҳасини эшитиб, менга унинг мақсад-муддаосини тушунтиришганида дарров олийгоҳ томон ошиқдим. Ўқув курсларида қатнашиб, кимё фанини анча қизиқарли ва керак фан эканлигига амин бўлдим. Ниятим, келгусида талабаликка етишиб, олий маълумотли, етук кадр сифатида шаклланиш.

Шунингдек, ўқув курслари Наманган шаҳар “Олвализор” маҳалласидаги 10-сонли ва “Маданий маориф” маҳалласидаги 16-сонли умумтаълим мактабларида меҳнат таълими, тарих фанларидан ногирон ва кам таъминланган ўқувчилар учун ўқув машғулотлари ташкил этилди.

“Хизмат — беминнат” лойиҳаси вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, олис ва чекка қишлоқларида ҳам юқори савияда ўтказилади. Бунинг учун партия “Ёшлар қаноти” фаоллари барча амалий саъй-ҳаракатларни кўрмоқдалар.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

“Туркистон-пресс”