2017-05-09 17:17:00

ПИЛЛА ПАРВАРИШИ АВЖИДА

Қишлоқхўжалигида йилнинг дастлабки ҳосили соҳадаги энг сердаромад тармоқлардан бири бўлган пиллачиликдан олинади. Демак,ушбу тармоқда эришилган муваффақият соҳадаги кейинги эришилажак ютуқларга ҳам замин ҳозирлайди.  Дарҳақиқат, мамлакатимизда пиллачилик соҳасини янада ривожлантириш, ушбу нозик, аммо машаққатли юмуш билан шуғулланаётган оилалар, пиллакор пудратчилар манфаатдорлигини ошириш мақсадида белгиланган вазифалар мўл ҳосил гарови бўлиши кутилмоқда.

Жорий йилда Навоий вилояти пиллакорлари  1005 тонна саноат учун қимматбаҳо хом ашё тайёрлаш учун меҳнат қилмоқдалар.  2016 йилда мавсумга ҳар қачонгиданда пухта тайёргарлик кўрилди. Бундан ташқари,пиллакорларнинг ишни уюшқоқлик билан олиб борганлиги ҳамда ипак қурти навининг яхшиланиши юқори сифатли ва мўл ҳосил олиш имконини бермоқда. Ипак қуртларининг ўз вақтида сифатли озиқлантирилиши хом ашёнинг сифатли, толаси узун ва пишиқбўлишига замин яратади

Айни кунларда вилоятнинг Хатирчи,Кармана, Навбаҳор  туманларида ипак қуртлари парвариши авжида. Жорий  мавсумда вилоят буйича  17.700 қути ипак қурти парвариш қилинаётган бўлса,шундан  3700 қути маҳаллий,14000 қути хорижий уруғ ҳисобидан парваришланмоқда. Ҳозирда ипак қуртлари аҳволи яхши,улар  учинчи ёшни ўтамоқда. 

— Деҳқончиликда бўлгани каби пиллачиликда ҳам уруғнинг сараси мўл ҳосил гаровидир. Мавсум бошидан туман буйича, фермер хўжаликларидаги  оилавий  пудратчиларга  5 минг 550 қути ипак қурти тарқатдик.Ипак қурти парваришида қуртларнинг зич эмаслиги, хона ҳарорати муҳим аҳамият касб этади, — дейди “Хатирчи пилла хазинаси” корхонаси  раиси ўринбосари Зоҳид Бобомуродов. —  Пилла етиштиришда етакчи куч ҳисобланган фермерлар ва бошқа тажрибали пиллакорлар билан ҳамкорликда уюшқоқлик асосида ишлар ташкил қилинди ва улар зарур воситалар билан таъминланди. Яъни, пиллакорларга зарур шарт-шароит яратилиб, уларга мавсум учун керакли — термометр, қоғоз, формалин, бўз каби воситалар етказиб берилиб, эндиликда жорий мавсумдаги 306,0 тонна  хом ашё топшириш режасини ортиғи билан бажариш йулида меҳнат қилмоқдамиз.

Шуҳрат  НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”