2017-05-10 13:03:00

39 ЁШЛИ ЭММАНУЭЛЬ МАКРОН ФРАНЦИЯ ПРЕЗИДЕНТИ ЭТИБ САЙЛАНДИ

Жорий йилнинг 7 май куни Францияда бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи турида “Олға!” ҳаракатидан номзод Эммануэль Макрон ғалаба қозонди.

“Миллий фронт” етакчиси Марин Ле Пен эса ўз мағлубиятини тан олиб, Макронни президентлик сайловидаги ғалабаси  билан табриклади. 

Таъкидлаш лозимки, Франциянинг янги сайланган Президенти, 39 ёшли Эммануэль Макрон шу вақтгача “Rothschild & Cie Banque” банкида инвестициялар бўйича банкир, амалдаги Президент Франсуа Олланд ҳукуматида иқтисодиёт вазири бўлишга ҳам улгурди. Энди у келаси беш йилда дунёнинг ядровий давлатларидан бири —Франциянинг Президенти лавозимини эгаллайди. 

Маълумотларга кўра, Макрон  ўта ўнг кайфиятдаги “Миллий Фронт” етакчиси Марин Ле Пенни деярли 2 баравар фарқ билан ортда қолдирди. Шу билан Макрон Франциянинг сўнгги 140 йиллик тарихидаги энг ёш давлат раҳбари номини қўлга киритди.

Франция президентлик сайлови натижасининг энг муҳим ижобий натижаси шу бўлдики, француз сайловчилари сохта хабарларга унчалик ҳам ишонавермаслигини намойиш эта олди. Бундай хабарларнинг аксарияти Макрон обрўсини туширишга қаратилган эди. Унинг Багам оролларидаги махфий банк ҳисоб рақамларига эгалигига ўхшаш турли хабарлар Франция интернет тармоғида кенг тарқалди. Бироқ, уларни ҳеч ким қўллаб-қувватламади. Ҳатто, номзод қароргоҳи электрон мактубларининг хакерлар томонидан эълон қилиниши ҳам сайлов жараёнига салбий таъсир кўрсата олмади.

“Туркистон-пресс”