2017-05-11 15:19:00

СОВУТИШ ТИЗИМИНИНГ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ЙЎЛИДА

Жорий йилнинг 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан “Табиий хладагентлардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Мазкур семинарни ўтказишдан мақсад — Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Глобал экологик жамғарма (ГЭЖ) ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Иқтисодий ўтиш давридаги мамлакатлар минтақасида ГХФУлардан фойдаланишни жадал қисқартиришнинг дастлабки бажарилиши” қўшма лойиҳаси доирасида Давлат экология қўмитаси давлат ва хусусий тармоқларнинг озон қатламига таъсир этувчи ГХФУлардан фойдаланишни ва улар импортига қарамлилигини аста-секинлик билан камайтиришга қаратилган имкониятини оширишдан иборат.  

Семинарда Давлат экология қўмитаси вакиллари, хориж экспертлари, давлат ташкилотлари, Германиянинг “HEAT GmbH” мустақил консалтинг фирмаси ва хусусий корхоналарнинг ҳавони совутиш тармоқлари мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистондаги БМТнинг Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда озон қатламига таъсир қилувчи гидрохлорфторуглеродларнинг (ГХФУ) импорти ва истеъмолини аста-секинлик билан камайтириш бўйича давлат ва хусусий сектор салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Тадбирда иштирокчилар озон қатламига зарар етказмайдиган ҳамда глобал исиш салоҳияти паст бўлган муқобил совитиш агентларининг хусусиятлари билан батафсил танишдилар. Шунингдек, совитиш соҳасида хавфсиз ва самарали қўллаш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Тадбирнинг биринчи қисмида иштирокчилар атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг турли жиҳатлари, шунингдек, дунёда озонни емирувчи моддаларни босқичма-босқич камайтириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Таъкидландики, ўтган асрнинг 80-йилларидаёқ хлорфторуглерод (ХФУ) ва гидрохлорфторуглерод (ГХФУ) каби моддалар ердаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини қуёшнинг зарарли ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилувчи озон қатламини емириш қобилиятига эга эканлиги исботланган. Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси (1985 йилда қабул қилинган) ва Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал баённомаси (1987 йилда қабул қилинган) ҳамда унинг тўрт қўшимчасига мувофиқ, ривожланган давлатларда ХФУнинг истеъмоли 1996 йилда, ривожланаётган мамлакатларда эса — 2010 йил 1 январдан тўхтатилган. ГХФУнинг истеъмоли эса ривожланган давлатларда 2020 йилгача, ривожланаётган мамлакатларда эса — 2030 йилгача тўхтатилиши лозим.

Тренингнинг асосий қисмида иштирокчилар Европа Иттифоқи давлатларининг совитиш соҳасида қўлланадиган норма ва стандартлари борасидаги тажрибаси билан танишдилар, совитиш техникасининг асосий принциплари, табиий совитиш агентларининг хусусиятлари (аммиак, карбонат ангидрид ва углеводородлар), табиий совитиш агентлари билан ишлашнинг хавфсизлик нормалари, қоидалари ва тартиблари, табиий совитиш агентларида ишлайдиган ускуналарни ўрнатиш, ишга тушириш, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш каби масалалар кенг муҳокама қилинди. Муҳокамалар чоғида таъкидландики, табиий совитиш агентларини қўллаш нафақат совитиш тизимининг самарадорлигини оширади, балки энергияни ҳам тежайди. Бунда ташламаларнинг камайиши натижасида атроф-муҳитга камроқ зиён етади.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон 1993 йил 18 майда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси ва Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал баённомасига қўшилган ва унинг тўртта қўшимчасини ратификация қилган. Монреал баённомасига кўра, Ўзбекистон 2020 йилга қадар ГХФУлардан босқичма-босқич 99,5% га фойдаланиш ва истеъмолдан чиқаришни кўзда тутган, батамом истеъмолни тўхтатиш эса 2030 йилгача режалаштирилган.

Тадбир давомида йиғилиш иштирокчилари томонидан кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди, шунингдек, улар ўзларини қизиқтирган барча саволларга тўлиқ ва атрофлича жавоб олишди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири