2017-05-12 21:21:00

ИНҲА УНИВЕРСИТЕТИ “TECHNOVATION UZBEKISTAN” ДАСТУРИДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТДИ

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ўзбекистонда биринчи маротаба ўтказилган “Technovation Uzbekistan” дастурида фаол иштирок этди.

Мазкур танловга Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, БМТТД, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази “Uzinfocom” ташкилотчилик қилишди.

Қайд этамиз, “Technovation Challenge” танлови 2010 йилдан бери дунёнинг 78 та мамлакатида ўтказилади. “Technovation Challenge” 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган ва фақатгина қизлар учун мўлжалланган технологик ишланмалар танловидир.

Танловнинг мақсади — қизларда дастурлаш, тадбиркорлик ва танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришдир. Мазкур лойиҳа қатнашчилари барча жалб этилган томонларни техник соҳага қизиқишини оширади, техник касблардаги қизларнинг фоизини оширади.

Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, танлов доирасида олинган билимлар қизларга ўзига хос тажриба бўлиб, рақобатли меҳнат бозорида ўзининг муносиб ўрнини топиш имконини беради. Тадбиркорлик ва дастурлаш кўникмалари кейинги ҳаётларида қисман бандликни оилавий мажбуриятлар билан уйғунлаштириш имкониятини беради.

Жорий йилда мазкур дастурда қизларнинг 21 жамоаси иштирок этди. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети номидан “Bright Minds” жамоаси қатнашди. Шунингдек, университетнинг 25 нафар талабалари ментор (мураббий) сифатида иштирок этишди.

Дастур қатнашчилари “Startup Mix” доирасида ўзларининг лойиҳа тақдимотларини Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўтказишди. Улар 12 ҳафта давомида тайёрланган ҳамда БМТТДнинг мақсадларига мос келадиган мобил иловаларнинг тақдимотини ўтказишди. Тақдимотлардан кўзланган асосий мақсад — иштирок этиш, жамоа ишини кўрсатиш, экспертларнинг шарҳ ва тавсияларини олиш эди.

Ҳакамлар ҳайъати қўйган баҳолар асосида ғолиблар аниқланди. Якуний тадбирда  “Technovation Uzbekistan” дастурининг ҳомийлари 8 та жамоани махсус номинациялар бўйича тақдирлади:

“Энг ишонарли бизнес-лойиҳа” номинациясида “Асака” банкнинг “Bravehearts” жамоаси ўзларининг “WisePower” лойиҳалари билан ғолиб чиқишди. Мазкур лойиҳа орқали пенсияга чиққан ходимлар орасидан ўзларига керак бўлган мутахассисни излаб топиш мумкин.

Исроил элчихонаси томонидан тақдим этилган “Энг яхши инновацион лойиҳа” номинациясида “ECOLIFE” жамоаси ўзларининг “EClean” лойиҳалари билан ғолиб чиқди. Бу лойиҳа шаҳардаги маиший чиқиндилар муаммосини ҳал қилишга қаратилган.

АҚШ элчихонаси томонидан тақдим этилган “Энг яхши ижтимоий лойиҳа” номинациясида “UNIQUE UNION” жамоаси “JoinME” лойиҳаси билан ғолиб чиқди. Бу лойиҳа уй-жойни ижарага олишда шерик топишга қаратилган.

БМТТДнинг “Очиқ маълумотлар” бўйича махсус номинациясида “Opendata”дан тўлиқ фойдаланган “Bright Minds” жамоаси клиникалардаги навбатда туриш ҳамда йўқотиб қўйилган рецепт муаммосини ҳал қилишга қаратилган “HealthTech” иловалари билан ғолиб чиқди.

“Камолот” ЁИҲнинг “Энг яхши ёшлар лойиҳаси” номинациясида  “BLAH BLAH TEAM” жамоаси ўзларининг “Globedoo” лойиҳаси билан ғолиб чиқди.

“Datasite” компанияси томонидан тақдим этилган “Аёллар ва болалар учун энг яхши илова” номинациясида “TECHNO SQUAD” жамоаси “Yordam” лойиҳаси билан ғолиб, деб топилди.

Яна бир махсус номинацияда “LIMITBUSTERS” жамоаси “Linkey” лойиҳаси билан иштирок этиб ғолиб бўлди. Унинг ёрдамида биргаликда дарсга тайёрланиш учун репетиторларни излаш мумкин.

БМТТДнинг махсус номинациясини “THE WORLD SAVERS” жамоаси олди. Улар сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга кўмак беради.

Бундан ташқари, “Technovation Uzbekistan”даги барча иштирокчилар ва менторларга АҚШ элчихонасининг махсус совғаси — “MIT Technology Review” журналига йиллик обуна сертификатлари топширилди.

Қайд этамиз, “Cisco” компанияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг мураббий сифатида ишлаган 8 нафар талаба қизларига CCNA (Cisco Certified Network Associate) курсларида бепул таълим олиш имкониятини берадиган сертификатларни топширди.

Эслатиб ўтамиз, танловнинг кейинги босқичида барча иштирокчиларнинг ҳамма лойиҳалари бутун дунё бўйлаб намойиш этилади. Шундан сўнг 10 та финалчи-жамоалар аниқланади, улар эса Сан-Франциско, Калифорнияда бўлиб ўтадиган тадбирнинг сўнгги босқичида иштирок этишади.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”