2017-05-12 16:46:00

ЭНГ ФАОЛ ЛИБЕРАЛ ҒОЯЛАР ТАРҒИБОТЧИСИ АНИҚЛАНДИ

Жорий йил 12 май куни Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Республика Маънавият тарғибот маркази ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамкорлигида “Энг фаол либерал ғоялар тарғиботчиси” тақдимот-танловининг якуний республика босқичи ўтказилди.

Танловда вилоят, шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 14 нафар иштирокчилар 3 та шарт бўйича ўзаро баҳс олиб бориб, ўз билим ва малакаларини синовдан ўтказишди. Қолаверса, иштирокчилар ўз ҳудудларидаги  ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнларни таҳлил қилиш ва баҳолашда муайян тажрибага эга эканликларини, жойларда партиянинг мақсад ва вазифаларини кенг тарғиб этишда аниқ натижаларга эришаётганликларини, методик қўлланмалар ва ахборотларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этаётганликларини тақдимот шаклида намоён этдилар.

O‘zLiDeP фаолларининг қайд этишича, бу каби танловлар партия ғояларини кенг оммага сингдиришда хизмат қиладиган либерал-тарғиботчиларни рағбатлантириш билан бирга уларни изланишга, янада фаоллик билан ҳаракат қилишга ундайди.

Ҳақиқатан ҳам шундай. Зеро, шу кунга қадар ўтказилган танловнинг вилоят, туман ва шаҳар босқичларида партиянинг қуйи ташкилотлари орасида сиёсий фаолликни ошириш, аҳоли билан ишлашда мафкуравий тарғибот-ташвиқот ишларини жонлантириш, партиянинг ролини ва таъсирини кучайтириш ҳамда тарғиботчиларни рағбатлантириш, уларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллигини ошириш, партия ғояларини аҳоли, жумладан, электоратимиз вакиллари ўртасида кенг тарғиб қилувчи партия фаоли бўлган малакали тарғиботчилар сафини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Тарғиботчилар фаолиятининг бош мақсади — партия ғоялари ва мақсадларини биринчи навбатда партия электорати ва кенг жамоатчиликка атрофлича тарғиб қилиш, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ўрганиш, уларни партиявий воситалар орқали бартараф этиш, сиёсий партиялар, сайлов жараёнлари ва унга тааллуқли бўлган қонунлар, шунингдек, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар, давлат дастурларининг аҳамияти, моҳиятини электоратга етказишдан иборатдир, — дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходими Баҳодир Кўчаров. — Бу ўз навбатида, либерал ғоя тарғиботчилари зиммасидаги масъулиятни ниҳоятда юқори эканини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, танловда ёш кадрларни шакллантириш, бошланғич партия ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, партия аъзолари сонини янада кўпайтиришга хизмат қилмоқда. Ўйлайманки, бу каби танловлар энг фаол ва илғорларни саралаш баробарида, уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Танловда иштирокчиларнинг ташаббускорлигига, сиёсий билимдонлик даражаси, дунёқарашнинг ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан мустаҳкамлиги, миллий қадриятларимизни яхши ўзлаштирганлиги, партия томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган қатор лойиҳаларга оқилона ёндашганига, умуман, партия тадбирларида ўзининг тарғиботчи сифатида қобилиятларини амалда кенг намоён қилганлигига ҳам алоҳида аҳамият берилди.

Танлов давомида ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг сиёсий билимдонлик, умумбашарий ва миллий қадриятларни яхши ўзлаштирганлик, амалга оширган лойиҳалари, ҳамкорлик ишлари жамоатчилик томонидан эътироф этилиши, ўз ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий аҳволни мониторинг, таҳлил қилиш ва баҳолаш, партия тадбирларида ўзининг тарғиботчи сифатида қобилиятларини намоён қилганлиги, асосийси, партиянинг мақсад ва вазифаларини аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқот қилишдаги амалга оширган ишлари ҳам эътиборга олинди.

Тадбирда, шунингдек, мутахассислар партия тарғиботчилари партия электорати тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерларнинг қонуний манфаатларини ифода этиши, жамоалар, муассаса ва ташкилотларда партиянинг мақсад ва вазифаларини тарғиб этиш, партиянинг мақсад ва вазифалари мазмун-моҳиятини аҳоли кенг қатламига етказишга доир тарғибот тадбирларини доимий равишда ўтказиб бориш лозимлигини таъкидлашди.

— Бугунги танлов жуда ҳам ишчан, жонли, баҳс-мунозараларга бой бўлди, — дейди O‘zLiDeP Наманган вилояти кенгаши фаоли Комилжон Файзиев. —Танловда ҳар бир иштирокчи ўз тажрибаси, тарғибот усуллари ва самаралари ҳақида сўз юритишди. Мен ҳам Наманган вилоятида либерал ғояларни қандай йўл ва усулларда тарғиб қилаётганимиз, бунда ҳамкор ташкилотлар, ОАВ имкониятларидан фойдаланиш афзалликларига тўхталиб ўтдим. Зотан, бу каби танловлар партия ғояларини кенг оммага сингдиришда хизмат қиладиган либерал-тарғиботчиларни рағбатлантириш билан бирга, уларда янгича изланишларга, янада фаоллик билан тарғибот қилишда ҳаракат қилишга ундайди. Асосийси, тарғиботчиларда партия фаолиятига янгича ёндашишга хизмат қилади.

Тақдимот-танлов якунида энг яхши натижаларни қўлга киритиб, юқори баҳога сазовор бўлган ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, танлов доирасида партиянинг мақсад ва ғояларини тарғиб қилиш, партияга ҳайрихоҳлар сафини кенгайтириш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фаол фуқаролик позициясини янада ривожлантириш, мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, қонунчилик соҳасида ва парламент фаолиятида олиб борилаётган ислоҳотлардан хабардорлигини ошириш мақсадида партия фаоллари ва хайрихоҳлари ўртасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси расмий веб-сайтида ўтказиб келинаётган “O‘zLiDeP билимдони” онлайн танлови ғолибларини ҳам тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

  Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”