2017-05-13 16:34:00

КЕГЕЙЛИЛИК 19 ЁШ ОИЛАНИНГ НИКОҲ ТЎЙИ ЎТКАЗИЛДИ

Нукус шаҳридаги  “Қирқ қиз” ресторанида Кегейли туманидаги 19 ёш оиланинг никоҳ тўйи ва 33 нафар  боланинг суннат тўйи ўтказилди

Нукус шаҳридаги “Қирқ қиз” тўйхонасида Кегейли туманидаги ижтимоий муҳофазага муҳтож 19 келин-куёвларнинг никоҳ тўйлари ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Қорақалпоғистон Касаба уюшмалари ташкилоти бирлашмаси кенгаши матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тўйхонага “Ласетти”автомашиналарида келган келин-куёвлар тантанали тарзда кутиб олинди.

Келин-куёвларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Ибрагимова,  Қорақалпоғистон Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг раиси У. Жалменов ва туман ҳокими М. Абдиров табриклаб,  Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан тайёрланган тўй совғалари топширилди.

Шунингдек, мазкур тўйхонада Кегейли туманининг ижтимоий муҳофазага муҳтож 33 оила фарзандларининг суннат тўйлари ўтказилди.

Суннат тўйларини ўтказилган болаларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари М.Жуманов ва бошқалар табриклаб,  Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан тайёрланган тўй совғаларини топширишди.  Шунингдек,  суннат қилинган болаларнинг номига очилган бир миллион сўмлик пул маблағлари ўтказилган дафтарчаларни тантанали тарзда топширди ва туман ҳокимияти ва ҳомийлар томонидан болалар учун тайёрланган велосипедни болаларга совға қилишди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”