2017-05-15 17:00:00

#ХИЗМАТБЕМИННАТ ЎҚУВ-КУРСЛАРИ ЁШЛАР КЎМАКЧИСИГА АЙЛАНМОҚДА

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви ҳамкорлигида #ХИЗМАТБЕМИННАТ ўқув-курслари ташкил қилиш тўғрисида қўшма қарори имзоланган эди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида жойларда бир қатор ўқув-курслари ташкил этилмоқда. Хусусан, Жиззах вилоятида ҳам ушбу лойиҳа асосида 9-умумтаълим мактабида ва “Иффатли келин” нодавлат таълим муассасаси вилоят филиалида ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгаши ва Жиззах шаҳар кенгаши ҳамкорлигида навбатдаги ўқув-курслари очилди.   

Мазкур ўқув-курсларига Жиззах шаҳридан 14 нафар уюшмаган ёшлар жалб этилди. Эндиликда мазкур таълим муассасасида ҳимояга муҳтож бўлган оилалар фарзандлари қандолатчилик, сартарошлик, компьютер саводхонлиги, моделлаштириш, тиббий ёрдам билим асослари каби жами 18 та йўналиш бўйича касб-ҳунар ўрганишлари йўлга қўйилади.

 “Хизмат-беминнат” ўқув-курслари лойиҳаси Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ёшларга оид белгиланган вазифаларни амалга ошириш, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги ва “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунлар ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Мазкур ўқув-курслари уюшмаган ёшларга қўшимча билим бериш, соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга хизмат қилади.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири