2017-05-15 17:40:00

“БОЙСУН БАҲОРИ” ФЕСТИВАЛИ БЎЛИБ ЎТДИ

Бойсун туманида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Бойсун баҳори” фольклор фестивали бўлиб ўтди. 

Унда мамлакатимизда маданият ва санъатни янада ривожлантириш, миллий қадриятларимизни тиклаш, қадимий меросимизни, хусусан, халқ ижоди анъаналарини муҳофаза қилиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бундай эзгу ишлар аждодлардан мерос бўлиб келаётган халқ амалий санъати, халқ оғзаки ижоди сингари номоддий маданий мерос дурдоналарининг ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллашида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Сурхондарё ана шундай бой ва бетакрор маданий меросга эга воҳалардан. Бунда Бойсун туманининг моддий ва номоддий маданияти муҳим ўрин тутади. Ноёб қадриятлари, ҳудуд табиатига хос ранг-баранг либослари, достон ва лапарлари, сеҳрли чанқовуз оханглари билан қадимдан машҳур бўлиб келган Бойсун 2001 йилда ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари” сифатида эътироф этилиб, 2008 йилда Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. 2002 йил май ойида қатор давлатлардан келган халқ ижрочилари иштирокида биринчи марта “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 январдаги “Сурхондарё вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бўлиб ўтган фестивалда юртимиздаги кўплаб фольклор жамоалари ўзларининг қизиқарли дастурларини намойиш этди.

Қорақалпоғистон Республикасининг “Шуъла”, Андижон вилоятининг “Гулруҳ”, Бухоро вилоятининг “Хўжаи жаҳон”, Жиззах вилоятининг “Гаштак”, Навоий вилоятининг “Кармана юлдузлари”, Наманган вилоятининг “Яллама ёрим”, Самарқанд вилоятининг “Сарбози”, Сирдарё вилоятининг “Сайхун йигитлари”, Сурхондарё вилоятининг “Жайхун”, Тошкент вилоятининг “Шош наволари”, Тошкент шаҳрининг “Дурдона”, Фарғона вилоятининг “Қува наволари”, Хоразм вилоятининг “Авазхон”, Қашқадарё вилоятининг “Ризвонгул” сингари фольклор жамоаларининг икки юздан ортиқ вакили ўз ҳудудларига хос либослар ва қадимий куй-қўшиқлар асосида тайёрлаган махсус дастурлари билан иштирок этди. Миллий ҳунармандлик буюмлари ва либослар кўргазмалари ташкил этилди.

Фестиваль доирасида миллий халқ ўйинлари ва анъанавий майдон томошалари санъати намояндаларининг чиқишларига ҳам алоҳида ўрин ажратилди.

“Туркистон-пресс”