2017-05-15 14:45:00

ЁШ АРХИТЕКТОРЛАР ТАНЛОВИНИНГ ЯКУНИЙ БОСҚИЧИ

Тошкент архитектура-қурилиш институтида Энг ёш архитектор – 2017кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда пойтахтимиз, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари иштирок этди.

Тошкент архитектура-қурилиш институти проректори А.Мирисаев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, ўқув жараёни сифати ва самарадорлигини ошириш, халқаро стандартлар даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги ишлар ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, ўз истеъдоди ва салоҳиятини намоён этишига хизмат қилаётганини таъкидлади. 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида ташкил этилган танловда 15 касб-ҳунар коллежи ва академик лицей ўқувчилари 110 га яқин ишланмани намойиш қилди.

– Мазкур танлов мамлакатимиз ёшлари ўртасида архитектура соҳасига бўлган қизиқишни ривожлантириш билан бирга, жойлардаги тарихий обидаларимиз, муқаддас зиёратгоҳларимиз архитектурасини тарғиб қилишда ҳам муҳим омил бўлмоқда, – дейди институт проректори Нортожи Хўжамшукуров. – Иккинчи маротаба ўтказилаётган мазкур танлов соҳага доир фанлар бўйича иқтидорли, қобилиятли ва салоҳиятли ўқувчиларни аниқлашга, улардаги ижодий қобилиятларнинг рўёбга чиқишига хизмат қилади.
Турли йўналишларда Тошкент архитектура қурилиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дилшода Акбарова, Янгиер қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ғайрат Мирзаев, Чиноз қурилиш ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Гавҳар Саъдуллаева ғолиб бўлди. 

Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА,

“Туркистон-пресс”