2017-05-15 18:23:00

“ЎЗБЕКИНВЕСТ” КОМПАНИЯСИНИНГ ИШОНЧЛИЛИК РЕЙТИНГИ “UZA++” ДАРАЖАСИДА ТАСДИҚЛАНДИ

SAIPRO” ахборот-рейтинг агентлиги 201йил якунларига кўра “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг “uzA++” (Энг юқори молиявий кўрсаткич) рейтингини тасдиқлади. Бу ҳақда компания ахборот хизмати хабар бермоқда.

Агентликнинг таъкидлашича, компаниянинг 2016 йилдаги фаолияти якунлари бўйича кўрсаткичлари юқори даражада сақлаб қолинган. Компания томонидан йиғилган суғурта мукофотлари ҳажми 30,4 фоизга ўсган. Суғурта мукофотлари ҳажмининг ўсиши эса компания суғурта мажбуриятлари ҳажмининг ўсишига ҳам таъсир этиб, 19,9 фоизни ташкил этган. Умуман, суғурта портфелининг сон кўрсаткичлари яхшиланган, диверсификациялаш даражаси аввалгидек юқори даражада сақланиб қолган.

2016 йилда тўлаб берилган суғурта бадаллари ҳажми 24,6 фоизга ўсиб, йиғилган суғурта мукофотларининг ўсиш даражасидан паст. Бунинг натижасида суғурта мукофотларининг зарар кўриш даражаси 0,7 фоизга пасайган ва 14,4 фоизни ташкил этган. Таъкидлаш лозимки, ушбу кўрсаткич анча паст ҳисобланади ва компания суғурта портфели барқарорлигини баҳолашга салбий таъсир этмайди.

Компания қайта суғурта қилиш бозорида ҳам фаол иштирок этмоқда. Қайта суғурта қилиш фаолияти суғурта портфелининг сон ва сифат кўрсаткичларига ижобий таъсир этмоқда ва қайта суғурта қилиш фаолиятини юқори даражада комплекс баҳоланиши сақланиб туришини таъминламоқда.

Компания филиаллари ва жойлардаги бўлинмалари мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олганлиги, унинг суғурта бозорида етакчиликни сақлаб туришини таъминламоқда. 2016 йил якунларига кўра, барча ҳудудий бўлинмалар бўйича суғурта мукофотларининг ўсиши кузатилган. Ҳудудий филиаллар ва суғурта бўлимларининг муваффақиятли фаолият юритаётгани компания ишчан фаолиятининг комплекс баҳосига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

2016 йилда компания активлари 12,9 фоизга ўсган. Таъкидлаш жоизки, компания активлар ва шахсий маблағларнинг ҳажми бўйича бозорда етакчи ҳисобланади. Ҳисобот даврида шахсий маблағлар ва суғурта захираларининг кўпайиши активларнинг ўсиш манбаи ҳисобланган. Активлар таркибида инвестициялар жалб этишни кўпайтириш орқали ўсиш амалга оширилган. Умуман, компания активлари динамикаси ижобий баҳоланмоқда ва капитал адекватлиги яхши ҳолатда сақланмоқда. Активлар ликвидлиги даражаси ҳам юқори баҳоланмоқда.

Компаниянинг асосий суғурта фаолиятидан кейин инвестиция фаолияти иккинчи асосий йўналиш ҳисобланади. 2016 йилда инвестициялар ҳажми 13,8 фоизга кўпайган ва 311,2 миллиард сўмга етган.

Компаниянинг барқарор молиявий ҳолати, суғурта бозорини бошқаришни тартибга соладиган тўлаш қобилияти бўйича етарли захирага эгалиги, шунингдек, бозордаги етакчилик ўрни компаниянинг баҳолаш рейтинги сақланишини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири