2017-05-15 18:58:00

ЎЗМИЛЛИЙБАНК: МИЖОЗЛАР МАНФААТИ ҲАМИША ЭЪТИБОРДА

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан “Пул муомаласини такомиллаштириш ва пластик карточкалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Банк мутахассисларининг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзмиллийбанк томонидан олиб борилаётган ишлар ва унинг кўламини кенгайтитиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, банкнинг мижозларга самарали хизмат қилиши, пул муомаласини тартибга солиш, аҳолидан омонатларни жалб этиш ва пул ўтказмаларини амалга ошириш каби ишлар юзасидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бир қаторда, банкнинг миллий ресурс марказини янада шакллантириш, нақд пул тушимини кўпайтириш мақсадида қатор вазифалар йўлга қўйилган. Айни дамда Ўзмиллийбанк томонидан 21 та хорижий валютада 8 та банк омонат турлари мижозларга тақдим этиб келинмоқда.

Юртимизда банк тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг самарадорлигини ошириш, банк тизимидаги пластик карточкаларни қулай восита сифатида тарғиб қилишга эътибор қаратилмоқда.

Пластик карточкаларни ҳаётимизга кириб келганига кўп вақт бўлгани йўқ. Лекин шунга қарамасдан бу замонавий электрон тўлов воситаси орқали кўплаб ишларни осон ва ортиқча харажатларсиз бажариш имконияти пайдо бўлмоқда.

Жорий йилда банк томонидан 600 мингта пластик карточкалари сотиб олиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги вақтгача 160 мингта пластик карточка сотиб олиниб, бўлим филиалларига тақдим этилган. Ушбу пластик карточкалар асосан янги ходимларга ва пластик карточкасида муаммо туғилган фуқароларга фойдаланиш учун топширилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда Марказий банк томонидан пластик карточкаларни тўлиқ онлайн тизимга ўтказиш юзасидан ҳам амалий ишлар амалга оширилаётганлиги ҳам айтиб ўтилди.

Онлайн пластик карточкаларнинг қулайликлари жуда кўп. Ушбу пластик карточкалар орқали функционал ишларни омалга ошириш имкони мавжуд. Масалан, мижоз исталган жойда ва вақтда банк пластик карточкасидан бошқа карточкага пул ўтказмаларини амалга ошириш, интернет пакетларини сотиб олиш, телефон ҳисобрақамларига пул ўтказиш мумкин.

Тадбир сўнгида мутахассислар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири