2017-05-17 23:53:00

БЕБАҲО МАДАНИЙ МЕРОСИМИЗ ДУНЁ ЭЪТИРОФИДА

Пойтахтимиз ва Самарқанд шаҳрида 15-16 май кунлари “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” мавзусида халқаро илмий-маданий конгресс бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 40 ортиқ мамлакатидан 400 га яқин мутахассислар қатнашди

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан “Тараққиёт стратегияси” маркази, Фанлар академияси, Бадиий академия, ЮНЕСКО ҳамда Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Германия, Нидерландия, Япония, Ҳиндистон, Туркия, Польша, Франция, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон каби 40 та мамлакатдан олимлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, соҳа мутахассислари, экспертлар ва журналистлардан иборат жами 400 нафарга яқин иштирокчи қатнашди.

Тадбирнинг расмий очилиш маросими Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг “Медиа-холл” мажмуасида бўлди.

Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси А.Саидов, маданият вазири М.Муродов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи К.Пиккат, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Томас Кунце ва бошқалар Ўзбекистонда маданий меросни асраш, уни келажак авлодга етказиш, дунё тамаддунида уларнинг аҳамиятли ўрнини кенг оммалаштириш йўлида залворли ишлар амалга ошириб келинаётганини алоҳида таъкидлашди.

Дарҳақиқат, мустақиллик шарофати билан хал­қимизнинг тарихи, бой маданий мероси, миллий қадриятларини ўзида мужассам этган ва аждодларимиз даҳоси билан бунёд этилган маданий мерос иншоотлари — меъморчилик обидалари, тасвирий санъат ёдгорликлари, археологик топилмалар, муқаддас қадамжоларимиз, осори атиқаларимизга алоҳида эътибор қаратилаётир. Ана шундай эътибор ва эъзоз сабаб бой маданий меросимиз қайта тикланиб, миллий-маънавий бойлигимизга айланди.

Бу каби эзгу ишларнинг мантиқий давоми Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида муҳим вазифа сифатида белгилаб берилгани ҳам қувонарлидир. Хусусан, унда маданият, илм-фан, адабиёт ва санъат соҳалари бўйича ҳам улкан мақсадларни амалга оширишнинг устувор йўналишларига эътибор қаратилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон бой маданий мероси, маънавий қадриятлари, фан ва таълим соҳасидаги улкан ютуқлари билан инсоният тамаддунига салмоқли ҳисса қўшган. Бу улкан мерос мамлакатимиздаги юзлаб музейлар, илмий-тадқиқот институтлари, галереялар ва архивларда асраб-авайлаб келинмоқда. Масалан, Термиз яқинидаги Айритом шаҳарчаси ҳудудидан топилган Айритом фризи Санкт-Петербургдаги Давлат Эрмитажида, Қадимда мамлакатимизда бадиий ишлов берилган металл ва сопол буюмлар Стокгольмдаги Халқ санъати музейида сақланмоқда, Япониянинг Осака шаҳридаги Миллий этнология музейида “Ўзбекистон бурчаги” ташкил этилган. Шунингдек, Москва, Санкт-Петербург, Лондон, Париж, Венеция, Генуя, Берлин, Стокгольм, Қоҳира, Теҳрон, Истанбул ва дунёнинг бошқа шаҳарлари маданий масканлари ва музейларида миллий маданиятимизга доир кўплаб қўлёзмалар, қадимий битиклар, мактублар, амалий санъат буюмлари ва бошқа осори-атиқалар аждодларимизнинг юксак ақлий салоҳиятидан сўзлаб турибди.

Бу ҳақда конгресс доирасида ўтказилган сессияларда сўзга чиққан хорижлик 5 академик, 36 фан доктори, 14 профессорлар ҳамда юртимиз олимлари қайд этди.

Конгресс доирасида тақдимоти ўтказилган “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” медиа-лойиҳасидан кўзланган мақсад ҳам – ушбу тарихий бойликлар билан халқимизни яқиндан таништириш. Маросимда “Ўзбекистон маданий мероси” китоб-альбоми кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Ҳозирча ушбу китоб-альбомнинг “Шарқ давлат музейи тўплами” (Москва), “Россия Этнография музейи тўплами” (Санкт-Петербург), “Третьяков давлат галереяси тўплами” (Москва), “Ўзбекистон гилам ва кашталари дунё тўпламларида” (Россия, АҚШ, Канада, Австралия) ҳамда “Алишер Навоий асарлари Россия миллий кутубхонаси тўпламларида”дан (Санкт-Петербург) иборат беш томи нашр этилган бўлса, келгусида “Ўзбекистон мусиқий мероси”, “Давлат Эрмитажи тўплами”, “Давлат тарих музейи тўплами”, “Шарқ қўлёзмалари институти тўплами”, “Ўзбекистон гиламдўзлиги: асрлар оша сақланган анъаналар” китоб-альбомлар чоп этилиши кўзда тутилган. Ҳозирда бу бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Санъатшунослик институти бўлим бошлиғи, академик Эдвард Ртвеладзени нафақат юртимизда, балки хориж мамлакатларида ҳам тарихчи-археолог олим сифатида яхши билишади, ҳурмат қилишади.

Э.Ртвеладзе Марказий Осиё тарихи, археология, нумизматика, маданият ва санъат соҳасида кўплаб қимматли тадқиқотларни амалга оширган, ноёб тарихий манбаларни аниқлаштирган.

Мамлакатимизда илм-фан фидойилари алоҳида қадрланади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10 майдаги фармони билан илм-фан соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришдаги муносиб ҳиссаси, мамлакатимизнинг ижтимоий ҳаётидаги фаол иштироки учун Эдвард Ртвеладзе “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди. Конгресс иштирокчилари ҳурматли олимни ушбу юксак мукофот ва таваллудининг 75 йиллиги билан қутлашди.

Конгресснинг биринчи иш кунида Ўзбекистон ҳудудида турли маданиятлар ва бадиий анъаналар, дунё тўпламларида Ўзбекистон санъати ва артефактларига бағишланган маърузалар тингланди.

Пойтахтимиздаги “CITY PALACE” меҳмонхонасида юртимиз маданияти ва санъатини кенг ёритишга ихтисослашган янги “Караван ТВ” телеканали тақдимоти бўлиб ўтди. “Журналистлар баҳори” анъанавий медиа-фестивалида эса мамлакатимиз турли ҳудудларининг ўзига хос миллий таомлари намойиши, палов танлови, таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди. 

Халқаро анжуманнинг иккинчи куни қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида давом этди.

Иштирокчилар дастлаб Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек, Шердор, Тиллакори мадрасалари тарихи билан яқиндан танишишди. Шарқона гилам бозори “Шарқона гилам бозори – мустақил Ўзбекистон гиламчилигининг энг яхши намуналари” кўргазмаси, миллий ҳунармандчилик намуналари, китоблар тақдимотида иштирок этди.

Мирзо Улуғбек мадрасасида Буюк ипак йўли тарихи, унинг бугунги кундаги ривожланиш босқичлари, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, санъатимиз ва Шарқ билан Ғарбни ҳамиша боғлаб турган сиёсий, тарихий-маданий, савдо-иқтисодий алоқаларнинг муҳим ўрни ҳақида маърузалар қилишди.

Самарқанд қадимдан ҳунармандлик ва илм-фан ўчоғи бўлиб келган. Бу заминда яшаб, ижод қилган сиёсатчилар, олиму фузалолар, файласуфлар, ёзувчи-шоирлар, ҳунарманд-усталар дунё цивилизациясига сезиларли ҳисса қўшган. Қадимий шаҳарни кезар экансиз бу манзарага ҳар қадамда дуч келасиз. Улардан бири “Конигил мерос” корхонаси. Бу ерда Самарқанд ипак қоғози қадимий анъаналар асосида тайёрланади.

Анжуман иштирокчилари мазкур корхонада бўлиб, дунёга машҳур ипак қоғозини тайёрлаш усуллари билан танишди. Самарқандлик хаттот ва миниатюрачи рассомлар кўргазмасини томоша қилди. Уста-ҳунармандлар билан суҳбатда бўлди.

Иштирокчилар “Боғишамол” боғида ташкил этилган маданий дастурда иштирок этди. Театрлаштирилган мусиқа кечасида санъаткорлар ижросида янграган миллий куй-қўшиқлар, саҳна чиқишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Самарқанд оқшоми ўзгача чиройли. Сокин оқшом қўйнида порлаган юлдузлар, кўчаларни ёритиб турган чироқлар шаҳарга янада фусун бағишлайди. Халқаро конгресс ана шундай гўзал оқшом оғушида Регистон майдонида намойиш этилган 3D-mapping мусиқали шоу томошаси билан якунланди.

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири,

Фаррух АБДУҲАМИДОВ олган суратлар