2017-05-18 14:20:00

ДУНЁ ПОЛВОНЛАРИ ТЕРМИЗДА КУЧ СИНАШАДИ!

Жорий йилнинг 26-29 май кунлари Термиз шаҳрида ХIII бор Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган халқаро кураш турнири бўлиб ўтади.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда кўплаб спорт турлари қатори кураш ҳам кенг оммалашиб, изчил ривожланмоқда. Бир пайтлар тўй, байрам ва сайилларнинг тор доирасидан чиқолмаган курашимиз истиқлол шарофати билан дунё спортига айланди. Ер куррасининг барча қитъаларига кенг ёйилиб, оммалашмоқда.

Курашимизнинг 2006 йилдан Осиё Олимпия Кенгаши томонидан Осиё спорти дея эътироф этилиб, Осиё ўйинларининг Ёпиқ иншоатлар ва яккакурашлар, Соҳил ҳамда Ёзги Осиё ўйинлари таркибидан расман ўрин олиши бу борадаги ишларнини янги босқичга олиб чиқди.

Хусусан, ўзбек кураши кириб борган дунёнинг 130га яқин давлатларида “таъзим”, “тўхта”, “ёнбош”, “чала”, “дакки”, “ҳалол” каби ўзбекча атама ва сўзларнинг жаранглаётгани ҳар биримизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.

1993 йилдан бери Ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган ҳар икки йилда бир ўтказилиб келинаётган мазкур нуфузли турнирда ўтган давр мобайнида дунёнинг 100 га яқин давлатидан 700 нафардан зиёд полвонлар Термиз гиламларида куч синашди.

Жорий йил 26–29 май кунлари мазкур турнир 73 кг, 90 кг ва мутлоқ вазн тоифаларида ўзининг янги ғолибларини аниқлайди.

Турнирда 40 та давлатдан 150 нафарга яқин спортчилар ва меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.

“Туркистон-пресс”