2017-05-18 14:35:00

ЁШ ОИЛА ҚУРУВЧИЛАРГА МАСЛАҲАТЛАР

Самарқанд шаҳрида ”Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат Дастурининг ижроси, 15 май — Халқаро оила кунига бағишлаб коллеж-лицейларда “Ёш оила қурувчилар” ўқув курсининг жорий йилдаги машғулотлари якунига бағишланган тадбир ўтказилди.

Таъкидлаш лозимки, жойларда ўтказилаётган бундай тадбирлар  ёш авлодни вояга етишида муҳим тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, ёшларни оилага садоқат, ота-онага оқибат, яқин қариндошларга меҳрли бўлиш, уларнинг онги, шуурида  Ватан туйғусини мустаҳкам қарор топтириш, оиланинг муқаддаслиги ҳиссини уйғотиш, оиладаги маънавий муҳитни барқарорлаштириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ота-онада фарзандлар, фарзандлар олдида ота-онага нисбатан бурчларни, уларнинг жамият олдидаги бурч ва маъсулиятини кучайтиришга хизмат қилади.

Тадбирда иштирок этган кекса авлод вакиллари ўзларининг ҳаётий тажрибаларига асосланиб, оилали бўлиш, турмуш қуриш ва оила деб аталмиш муқаддас қўрғонга масъулият билан ёндашиш кераклиги ҳақида маслаҳатлар бердилар.

Шунингдек, тадбирда талаба ёшлар ҳуқуқий маданиятни ошириш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, оила муносабатларини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар тўғрисида фикр юритилиб, ёшлар томонидан “Қайнона ва келин муносабатлари”, “Оммавий маданият ва унинг оилаларга таъсири”, “Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий таъсири”, “Ёшларга давлатимиз томонидан берилган имтиёзлар” мавзуларида саҳна кўринишлари билан чиқишлар қилишди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири