2017-05-18 17:53:00

ЎЗБЕКИСТОН ҲАҚИДА ЛАТВИЯ НАШРИ ҲИКОЯ ҚИЛДИ

Яқинда Латвияда чоп этиладиган“Люблю!”ҳафталик журналининг “Саёҳат” рукни Ўзбекистонга бағишланди. Нина Дождеванинг  “Нима учун Ўзбекистонга бориш керак?” номли мақоласида юртимизга саёҳат қилишнинг бир нечта сабаблари санаб ўтилган.

Муаллиф, бир мамлакатга саёҳат қилиш орқали бой тарихий ва маданий меросни кўз олдингизда гавдалантириш ҳамда дунёга машҳур Буюк Ипак йўлидаги шаҳарларнинг бир нечтасида бўлишни истасангиз, шу билан бирга, турли дин вакиллари учун муқаддас саналган зиёратгоҳларни ва юзлаб тарихий обидаларини зиёрат қилиш ниятида бўлсангиз, беш юлдузли меҳмонхона ёки саҳро қўйнида тикилган ўтовларда қолиб, эртаклардагидек шарқона бозорда истаган харидни амалга ошириб,  ва ниҳоят, 14 хилдаги паловдан таъбингиздагисини танлаш имкониятига эга бўлмоқчи бўлсангиз унда Ўзбекистонга ташриф буюриш керак, дея ҳисоблайди.

Бу тавсиялар билан бирга Нина Дождева Регистон майдони афсоналари, Ҳожа Дониёр мақбараси тарихи ва Мирзо Улуғбек астрономия мактаби ҳақидаги Европа олимлари эътирофларини айтиб ўтади.

Журналнинг йўналишидан келиб чиқиб, муаллиф ўзбекча паловни тайёрлаш рецептини ҳам латвиялик уй бекалари билан ўртоқлашади. 

“Туркистон-пресс”