2017-05-18 18:15:00

ПРЕЗИДЕНТ АСАРЛАРИ ТАНЛОВИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари ўртасида “Сиз Президент асарларини биласизми?” мавзуида эсселар танлови бўлиб ўтди.

Университетнинг ижтимоий фанлар факультети ташаббуси билан ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади Биринчи Президентимиз Ислом Каримов асарларини, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг янги китоблари ва маърузаларини чуқур ўрганиш асосида Ватанимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тарихий йўлига назар ташлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ўз иштирокини аниқлаб олиш, мустақилликни асраб-авайлаш, умумдемократик қадриятларни ҳурмат қилишга ўргатишдан иборатдир.

– Бу йилги танловда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Эркин ва фаровон демократик Ўзбекистон давлатини биргаликда барпо этамиз”, “Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз” асарлари талабалар томонидан қизиқиш билан таҳлил қилинди, – Ижтимоий фанлар факультети ўқитувчиси Иззат Полвонов. – Танлов жараёнида талабаларнинг Президентимиз асарларини мазмун-моҳиятини чуқур англаганини, ўз фикр-мулоҳазаларини эркин баён этаётганини, ҳаттоки таклифлар бераётганини мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишларида ўз ўрнини аниқлаб олишга ҳаракат қилаётганлигини кўришимиз мумкин.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири