2017-05-18 18:23:00

ЖИЗЗАХДА ЯНГИ ТУРДАГИ АВТОМОБИЛЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ

Жиззахда “Пежо Ситроен” группаси ва “Ўзавтосаноат” АК томонидан янги “Uzbekistan Peugeot Citroёn Automotive” қўшма корхонаси барпо қилинмоқда.

Ҳужжатга кўра янги корхона “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида, Тошкендан 200 километр узоқликдаги ҳудудда қурилади. Завод “Peugeot” ва “Citroёn” брендлари остида йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади. Устав капитали 30 миллион еврога тенг қўшма корхона ҳар икки томоннинг тенг улуши асосида фаолият юритади. Лойиҳа бўйича умумий инвестиция қарийиб 130 миллион еврога тенг.

“Пежо Ситроен” группаси янги технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш жараёнларини жорий қилишда ва мутахассислар малакасини оширишда кўмак кўрсатади. Завод ишлаб чиқаришни бошқариш, маҳсулот сифати,  етказиб бериш ва савдо масалаларида “Пежо Ситроен”нинг замонавий тизими бўйича иш олиб боради. Шу билан бирга, автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни жалб қилиш йўли билан биринчи йилнинг ўзидаёқ янги қўшма корхонада 50фоизмаҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш  кўзда тутилган. Бугунги кунда “Ўзавтосаноат” АК таркибида 30 га яқин йирик заводлар ва 160 дан ортиқ ўрта ва кичик корхоналар айнан маҳаллийлаштириш дастури асосида иш олиб боради.

Қурилиши режалаштирилаётган қўшма корхонада йилига 16 000та автомобиль ишлаб чиқарилади. Уларни юртимизда, шунингдек, узоқ ва яқин хориж давлатларидаги экспорт бозорларида сотиш режалаштирилмоқда.

Ушбу лойиҳа бизнинг 5 йилликка мўлжалланган тараққиёт дастуримизга тўла мос келади ва бу “Пежо Ситроен” группаси учун енгил тижорат автомобилларининг савдосини ривожлантириш,ҳудудий кенгайиш учун яна бир катта имкониятдир. Биз қўшма корхона ташкил этилишида асосий фактор бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан қўллаб-қувватлашларини ҳамда ўзбек ҳамкорларимиз билан конструктив мулоқотни жуда юқори баҳолаймиз, – дея эътироф этди“Пежо Ситроен” группасининг вице-президенти Кристоф Бержеран.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири