2017-05-19 17:09:00

“АРМОН” ДРАМАСИ САҲНАДА

Ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом, руҳан тетик ва ақлан баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, эртамиз эгалари қалбида она Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат, истиқлол ғояларига садоқат ҳиссини шакллантириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Айниқса, коллежларда таҳсил олаётган ўқувчи-қизларни катта ҳаётга муносиб тайёрлаш, уларга керакли касб-ҳунар ўргатиш давлатимиз раҳбариятининг эътиборидаги муҳим масала ҳисобланади.

Яқинда Наманган вилояти мусиқали драма театри ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорликда саҳналаштирилган “Армон” драмаси ҳам қизларни эрта турмушга беришнинг олдини олишга қаратилган, яхши таъсир доирасига эга бўлган санъат асаридир.

Спектакль тақдимотида давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, вилоят шаҳар ва туманларидаги касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, ўқитувчи-мураббийлар иштирок этдилар.

Асар бош қаҳрамони Дилоро ўрта ҳол оила фарзанди бўлиб, коллежда энг илғор ва намунали, аълочи ўқувчилардан эди. Иқтидорли қизга катта ишонч билдирган устозлари уни келгусида коллежни аъло баҳоларга тугатиб, таҳсилни олий ўқув юртида давом эттириши умидида эди. Бироқ пуч ҳою-ҳавасга берилган қизнинг ота-онаси Дилорони эрта турмушга бериб юборадилар. Тўйдан олдин қоп-қоп ваъдаларни айтган қайнона “келин”ни ўқишга юбормайди, бунга куёв лоқайдлик билан қарайди. Бу орада арзимаган икир-чикир гаплар сабабли куёв умр йўлдошига тан жароҳати етказади. Бунинг оқибати ёшгина гулғунча ва ҳали дунёга келмаган фарзанд ҳалок бўлиши билан спектакль фожиали якун топади. Спектакль орқали ўз олдига юксак мақсад ва улкан марраларни қўйган ўқувчи-қизларни орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга шарт-шароит ва имконият бериш, ота-оналарни ўз фарзандлари тақдирини ўйлаш, гул ғунчаларни барвақт хазон этмасликка чақирилади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиба ва шоира Мунаввара Усмонованинг асари асосида саҳна юзини кўрган спектаклдаги асосий ролларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Карима Расулова, Меҳрихон Абдуллаева, иқтидорли ижодкорлардан Маъруфжон Ниёзов, Авазбек Қодиров, Дилфуза Қодирова, Шалола Ғайбуллаева, Дониёр Ҳабибуллаев, Зайниддин Муҳиддиновлар маҳорат билан ижро этишган.

Тақдимот якунида сўз олган Наманган вилояти прокурорининг ўринбосари Бахтиёр Худойбердиев, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи муовини Қурбонали Холиқов, вилоят мусиқали драма театри директори Озодахон Усмонова мазкур спектаклнинг сайёр намойишларини келгусида вилоят туманларида, олис қишлоқларида ҳам ўтказилишини таъкидлаб ўтдилар.

Дарвоқе, коллеж ўқувчилари шу кунги спектакль намойишидан кейин театр атрофида ташкил этилган “Бўш иш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси кўргазмаси билан танишиб, ўзларига мақбул иш ўринларига эга бўлдилар.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

“Туркистон-пресс”