2017-05-19 17:44:00

НАМАНГАНДА СПОРТ ФЕСТИВАЛИ

Наманган шаҳридаги Уйчи кўчасида жойлашган вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармасига қарашли 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактабида 15 май — Халқаро оила кунига бағишланган бадиий гимнастика бўйича спорт фестивали ўтказилди.

“Гимнастрада — ҳамма учун” шиори остидаги мазкур спорт фестивалида спорт мактабининг “Само юлдузлари”, “Келажак бизники”, “Баркамол авлод” гуруҳлари она Ватанимизни дилдан севадиган муносиб фарзанд бўлиб улғайиш, диёримиздаги тинчликни қадрига етиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини эъзозлаш, жамиятимизни ажралмас бўғини саналган оилани муқаддас деб билишдек эзгу мақсадларга бағишланган “Оқ қушлар”, “Биз тинчлик тарафдоримиз”, “Азиз юртим”, “Катюша”, “Ҳар доим бўлсин, қўёш” каби кўргазмали чиқишларини намойиш этдилар.

Маълумот ўрнида: мустақиллигимизнинг 25 йиллиги байрами муносабати билан барпо этилган ушбу янги спорт мажмуасида 4 ёшдан 16 ёшгача бўлган уч юзга яқин қизлар бадиий гимнастика бўйича асосий ва соғломлаштириш гуруҳларида шуғулланишмоқда. Айниқса, моҳир мураббия Зекия Гнездилова асос солган гимнастрада бўйича соғломлаштириш гуруҳининг фаолияти таҳсинга лойиқ. Боиси, унда турли ортопедик хасталикларга чалинган маҳалла болалари машғулотлар жараёнида соғломлаштиришга эришилмоқда.

Спорт фестивали якунида Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Аҳмедова, 2-БЎСМ директори Муроджон Низомбоевлар гўзаллик ва нафосат кўргазмаларида нозик хатти-ҳаракатларини тўлақонли акс эттирган иқтидорли спортчи-қизларга диплом, қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширдилар.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

“Туркистон-пресс”