2017-05-19 18:38:00

КУЧЛИ ПОЙГАЧИЛАР НАМАНГАНДА АНИҚЛАНДИ

Наманган шаҳридаги Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида велоспортнинг трек йўналиши бўйича ўтказилган Ўзбкистон чемпионатининг ғолиб-совриндорлари аниқланди.

Беш кун давом этган қизиқарли мусобақада ўз маҳоратини кўрсатган кучли пойгачилар ғолиб сифатида эътироф этилдилар. Чемпионатнинг жамоавий спринт беллашувларида наманганлик спорт устаси Дилмурод Сиддиқов, Чирчиқ Олимпия захиралари коллежи ўқувчилари Роман Шукуров, Данил Евдокимов, Никита Черновлардан иборат спортчилари биринчи ўринни эгаллади. Сергей Медведов, Зокир Эҳсонов, Руслан Фёдоров ва Айрат Хайруллин таркибидаги жамоа маррага иккинчи бўлиб етиб келди. Андрей Измайлов, Семён Севастянов, Жавоҳир Эгамбердиев, Арбек Душаев тўртлиги учинчи натижани қайд этди. Эътиборлиси, 2 ва 3-ўриндаги спортчилар Тошкент шаҳри жамоасидир.

4 километргача бўлган пойгаларни томошабинлар катта қизиқиш билан кузатдилар. Унда Наманган вилояти вакилларидан Алишер Ёқуббоев биринчи, Дилмурод Сиддиқов иккинчи ўринни банд этдилар. Пойтахтлик Темур Сафиулов кучли учликни якунлаб берди. Дарвоқе, жамоавий пойгаларда ҳам ўз омадини синаб кўрган Дилмурод Сиддиқов жамоадошлари билан “финиш” чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтди.

90 айлана масофа бўйлаб кечган пойгаларда республика Олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Семён Севастянов барча таъқибчиларидан устун келди. Сирдарёлик Рустам Султонов ва Тошкент шаҳар Олий маҳорат спорт мактаби тарбияланувчиси Руслан Фёдоров мос равишда иккинчи, учинчи поғоналарда эътироф этилдилар.

Хотин-қизлар иштирокидаги мусобақаларда совринли ўринлар Тошкент вилояти ва шаҳри жамоалари вакилларига насиб этди. Жумладан, Екатерина Кнебелова, Ольга Жантуганова, Дарья Матафонова, Диана Адельшина, Рената Байметова, Нафосат Қўзиева, Александра Руденко, Алла Безугловалар тегишлича олтин, кумуш, бронза медалларига эга чиқишди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

“Туркистон-пресс”