2017-05-19 19:09:00

СОҒЛОМ АВЛОД – МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИ

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан “Соғлом авлод – миллат келажаги” мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида аҳоли, оналар ва болалар саломатлигини сақлашда фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари томонидан бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

“Соғлом авлод учун” халфаро хайрия фонди фаолиятининг асосий мақсади жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандлар тарбиялашни таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, оилаларда соғлом авлоднинг туғилиши ва тарбияланишига эришиш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини оширишдан иборатдир.

Фонд ушбу вазифаларни тиббиёт, мурувват ва таълим йўналишларида олиб бориб, ўз дастурларига аҳоли, айниқса аёллар, туғиш ёшидаги аёлларни қамраб олмоқда. 

“Соғлом авлод учун фонди” кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари республикамиз миқёсида маҳаллалар ва қишлоқларда бўлиб, аҳолини айниқса вояга етмаган қизлар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, уларга соғлом турмуш тарзи ва уни тўғри шакллантириш мавзуларида тиббий маслаҳатлар беришмоқда.

2017 йилнинг ўтган даври мобайнида фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 345 та қишлоқ, 1076 та маҳаллаларида 7226 та оилаларнинг ижтимоий шароити, ундаги психологик муҳит ва болалар соғлиги ўрганилди. Тиббий кўрик давомида 99459 нафар аҳоли кўрикдан ўтказилди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи кўплаб учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди.

Матбуот анжуманида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг мутасадди вакиллари журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, бу каби эзгу ишлар тизимли давом этишини қайд этишди.

Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА,

“Туркистон-пресс”