2017-05-20 17:23:00

ТОМОРҚА —ЮҚОРИ ДАРОМАД МАНБАИ

Сирдарё вилоятининг Ховос тумани “Чаманзор” маҳалласи азалдан ишбилармон ва тадбиркорлари билан ном қозонган. Ҳозирда ҳудудда ўз бизнесига эга оилалар кўпчиликни ташкил этади. Каттаю-кичик бари меҳнаткаш, қўлида ҳунари бор. Бу ерни ишбилармонлар маҳалласи, деса ҳам бўлади. Нега десангиз, бугун маҳаллада ҳавас қилса арзигулик тадбиркорлар кўплаб топилади.

 Айни чоғда, маҳаллада кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг самарали фаолият юритиши, шунингдек, томорқадан унумли фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратилаётгани юксак самара бермоқда. Айниқса, аҳоли томорқасидан унумли фойдаланишга эътибор кучайтирилгани йилнинг тўрт фаслида ҳам арзон, сифатли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Зеро, қўшимча даромад эвазига оиланинг турмуш фаровонлиги ортмоқда, бозорларимиз тўкинлиги таъминланмоқда.

Ховос тумани “Ҳожи Гадойбой ота” хусусий корхонасида аҳоли бандлигини таъминлаш, авваламбор, уюшмаган ёшлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, қишлоқларда оилавий бизнесни ривожлантириш мақсадида “Аҳолини томорқалардан унумли фойдаланишга ўргатиш ва ёшларни тадбиркорликка жалб этиш” мавзуида ташкил этилган семинарда айни шу жиҳатлар алоҳида эътироф этилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С.Турдиев, партия Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Ф.Абдусатторов, Ховос тумани ҳокими Р.Бобоев, уюшмаган ёшлар ва коллеж ўқувчилари иштирок этган мазкур тадбирда иштирокчилар Ховос туманида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган иссиқхонада экинларни етиштириш ва парвариш қилиш усуллари, агротехникаси билан яқиндан танишди.

—Ҳар биримиз ҳам кундалик эҳтиёж учун зарур помидор, бодринг ёки бошқа резаворларни харид қиламиз, —дейди “Ҳожи Гадойбой ота” хусусий корхонасига қарашли иссиқхона раҳбари Собир Шокиров. —Ўйлаб қарасак,бунга талаб юқори. Рўзғор учун керакли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми эса аҳоли томорқаларида етиштирилмоқда. Бу ортиқча ҳаражатларнинг олдини олиб, оила бюджетини тежаш имконини бериш баробарида, аҳолининг бўш вақтини самарали ўтказиш, фарзандларимизда меҳнатга меҳр ва кўникмани шакллантириш имкониятини яратмоқда.

 “Чаманзор” —Ховос шаҳарчасидаги обод маҳаллалардан бири. Маҳаллада томорқадан унумли фойдаланиб, оиласи фаровонлигини таъминлаш билан бирга, эл дастурхони тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган омилкорлар кўп.  Улар, асосан, помидор, бодринг, сабзавот ва кўкат етиштиради. Қишнинг қаҳри кетиб улгурмай, томорқадаги юмушларни бошлаб юборадиган бу миришкорлар эртапишар ҳосиллардан  мумай даромад олади.

—Илгари бу иссиқхоналар қаерда эди дейсиз. Мустақиллик туфайли ўз эркимизга, еримизга эга бўлдик. Бугун томорқачиликда ўзига хос мактаб яратиб, яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда, —дейди O‘zLiDeP Ховос туман Кенгаши аппарат раҳбари Баҳодир Ўролов. —Маҳалладаги хонадонларда нафақат ёзда, балки қишда ҳам ҳосил етиштириш, ундан мўл даромад олишга эришиляпти. Ҳар қарич ердан унумли фойдаланаётган ишбилармонлар оилалари фаровонлигини таъминлаш баробарида эл дастурхони тўкинлигига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

“Туркистон-пресс”