2017-05-22 13:14:00

ЎҚУВЧИЛАР ЎРТАСИДА ШАХМАТ ЧЕМПИОНАТИ БОШЛАНДИ

Халқ таълими вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасида спортнинг шахмат тури бўйича республика чемпионати бошланди.

Жорий йил 21 май куни Шахмат бўйича ихтисослаштирилган  Республика болалар ва ўсмирлар спорт мактабида чемпионатнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Халқ таълими вазири, Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Улуғбек Иноятов сўзга чиқиб, юртимизда ёш иқтидор эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш йўлида Президентимиз раҳнамолигида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, бугунга келиб бу саъй-ҳаракталар ўз мевасини бериб, ўзбек ёшлари нуфузли  халқаро турнирларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётганини шараф билан эътироф этди.

Халқ таълими вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Ўзбекистон Шахмат федерацияси ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур чемпионатда 7-15 ёшдаги ўқувчилар иштирок этмоқда. Чемпионат тўрт босқичда: мактаб, туман (шаҳар), вилоят ва республика босқичида ташкил этилмоқда.

Мусобақаларнинг ҳудудий босқичларида жами 582 минг нафар ўқувчилар иштирок этди. Улардан 160 нафари республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Қолаверса, 46 нафаржаҳон,  осиё ва Ўзбекистон чемпионати, Кубокларида ғолиб бўлган ўқувчилар республика босқичида тўғридан-тўғри иштирок этмоқдалар.Чемпионатда ўқувчилар шахматнинг учта йўналиши: блиц, стандарт ва рапид йўналишларида ўзаро беллашадилар.

Мусобақа шу йилнинг 27 майига қадар давом этади.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”