2017-05-23 10:00:00

ТОЗА ТАБИАТ — СОФ КЕЛАЖАК УЧУН

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши ташаббуси билан “Экосан” халқаро жамоат фонди, Тошкент вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Пискент тумани бўлими билан ҳамкорликда Пискент туманидаги “Қирққизобод” оромгоҳида “Тоза табиат — соф келажак учун” лойиҳаси доирасида “Она табиатни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир“ мавзусида акция тадбири ўтказилди.

Ушбу тадбирда партия Сиёсий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари Тошкент вилояти, туман Кенгаши депутатлари, “Мустақиллик”, “Қирққизобод”, “Култепа” маҳаллалари аҳолиси, партия фаоллари, туман Агросаноат ва иқтисодиёт, Хизмат кўрсатиш ва технологиялар, Маиший хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежлари, 27-29-умумтаълим мактабларининг ўқувчи ёшлари ҳамда ОАВлари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда  сўзга чиққанлар мамлакатимизда атроф-муҳитни асраб-авайлаш, экологик муносабатларни тартибга солиш борасидаги ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшиш, ноёб ўсимликлар ва ҳайвонларни сақлаб қолиш, дарё ва кўлларни тоза сақлаш, инсоният фаолияти натижасида табиатга салбий таъсир кўрсатмасликка эришиш, ёшларни она табиатни севишга, муҳофаза қилишга,  жонли табиат турлари ва ноёб табиат объектлари билан боғлиқ маданий меросни асраб қолишга эътибор қаратишди.

Шундан сўнг, лойиҳа доирасида ёшлар ўртасида викторина ўтказилди. Унда ўқувчилар табиат ва экология юзасидаги билимларини намоён қилишди.

Амалий акция давомида ёшлар “Биз атроф-муҳитни янада обод қиламиз” экоҳаракатида ҳам фаоллик кўрсатишди. Оромгоҳ атрофи ободонлаштирилди. Дарахтлар тагига сув қуйилиб, гул кўчатлари экилди.  Шу асосда ёшлар учун яна бир шинам боғ барпо этилди.

Тадбир якунида  акция доирасида энг фаол иштирок этган ўқувчи ёшларга  партия Тошкент вилояти кенгашининг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари топширилди ҳамда “Экосан” халқаро жамоат фонди томонидан китоблар тарқатилди.

“Туркистон-пресс”