2017-05-23 16:30:00

ОЛИМПИАДА ҒОЛИБЛАРИ АНИҚЛАНДИ

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) томонидан пойтахтимиздаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг биринчи босқич ўқувчилари ўртасида ташкил этилган математика фани бўйича “Inha Tashkent Math Challenge” jлимпиадаси ғолиблари аниқланди.

Мазкур Олимпиаданинг асосий мақсади академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг биринчи босқич ўқувчилари орасидан иқтидорли ва фаолларни аниқлаш ҳамда математика фанини ўрганиш қизиқарли ва фойдали бўлишини кўрсатиш эди.

Олимпиада икки босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда 2017 йилнинг 27 апрелидан 15 майга қадар Тошкентдаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг биринчи босқич ўқувчилари математика фанидан ўтказиладиган “Inha Tashkent Math Challenge” олимпиадасига рўйхатдан ўтдилар.

Рўйхатдан ўтган дастлабки 200 нафар ўғил-қизлар 2017 йилнинг 21 май куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети биносида 90 дақиқа давомида 20 та саволга жавоб беришди.  

Олимпиада якунларига кўра Сарвар Шарафбоев 100 балл тўплаган ҳолда биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринни Расулбек Озодов ва Суҳроб Юсуповлар эгаллашган бўлишса, фахрли учинчи ўрин эса Виолетта Симга насиб қилди.

Қайд этамиз, Сарвар Шарафбоев Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қошидаги Узлуксиз таълим марказида икки йил давомида (математика, физика ва инглиз тили), Расулбек Озодов ва Суҳроб Юсуповлар  бир йил давомида ҳамда Виолетта Сим  олти ой давомида бепул таълим олиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири