2017-05-24 14:00:00

СОЛИҚ ТИЗИМИ: МУРОЖААТ, ИЖРО, НАТИЖА

Бугун юртимизда тадбиркорлар учун яратилган кенг имтиёз ва қулайликлар самараси натижасида ушбу соҳа вакилларининг юртимиз иқтисодиётидаги улуши янада ортиб бормоқда. Бироқ, ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз фаолиятини мавжуд қонун талаблари асосида ривожлантириш ўрнига турли хил қонунбузарлик йўллари билан даромадини оширишни ният қилган ғирром тадбиркорларҳам афсуски,учраб туради.

Давлат солиқ хизмати органларидаги “Ишонч телефонлари”га бўлаётган мурожаатлар ўз вақтида изчил ўрганилиб, таҳлил этиб борилмоқда. Хусусан, ишонч телефонлари орқали ўтган ҳафта давомида жами 195 та (шундан 6 та юридик ва 189 та жисмоний шахслар)нинг мурожаатлари қабул қилинди. Уларнинг барчаси белгиланган тартибда ижрогақаратилди.

Давлат солиқ қўмитаси Ахборот хизматидан маълум қилишларича,  ўтган ҳафта давомида жойларда назорат-касса машинаси ва тўлов терминалларидан фойдаланмаслик, тушумларни банк кассаларига тўлиқ топширмаслик ҳолатлари бўйича 429 та текшириш ўтказилди. Уларнинг барчасида қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди. Ўтказилган текширишларнинг аксариятида савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш субъектлари томонидан товарлар сотиш, хизматлар кўрсатиш пайтида тушумларни банк кассаларига тўлиқ топширмаслик, тўлов шаклидан келиб чиқиб, нархларни сунъий ошириш ёки пасайтириш, ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, шунингдек, ҳеч қандай ҳужжатларсиз товарларни ноқонуний сотиш каби аниқланган ҳолатларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, фуқаролар мурожаати асосида ўтказилган назорат тадбирида Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида фаолият кўрсатиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор С.Б.га қарашли шохобчада тадбиркор томонидан харидорга 4 минг сўм ҳажмида савдо қилиниб, унга чек берилмагани, шу тариқа назорат-касса машинаси хотирасига кирим қилинмаган 5 миллион 567 минг сўм нақд пул борлиги маълум бўлди.

Ана шундай ҳуқуқбузарлик Узун туманида фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркорга қарашли “Ҳамро Сабрина” корхонаси шохобчасида ҳам кузатилди. Ушбу шохобчада савдодан тушган 1 миллион 774 минг сўм нақд пулнинг борлиги аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича далолатномалар расмийлаштирилиб, қоидабузарларга тегишли чоралар қўлланилди.

Ўтказилган солиқ назорати натижаларига кўра, ўтган ҳафтада солиқ қонунчилигини бузган 2037 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Улар орасида бино, иншоот ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни нотариал тасдиқланган шартномасиз ижарага ёки текин фойдаланишга берган 37 нафар, уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаган 193 нафар, даромадлар тўғрисида декларацияни солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 213 нафар, ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланган 81 нафар, автомобилда йўловчилар ташиш билан лицензиясиз шуғулланган 391 нафар, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган 430, солиқ органларига солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаган 315 нафар инсон, дебиторлик қарзи муддатлари ўтказиб юборилган корхоналарнинг 36 нафар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини банкка ўз вақтида тақдим этмаган 106 нафар мансабдор шахслар маъмурий жазога тортилган.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида солиққа оид ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этиб, унинг оқибатларини аниқланган пайтдан бошлаб 30 кунлик муддат ичида бартараф этган ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар, бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 1110 тадбиркорлик субъектининг мансабдорлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар маъмурий жавобгарликдан озод этилди. Шунингдек, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини биринчи марта содир этиб, ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб 30 кунлик муддатда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган ва давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 97 нафар жисмоний шахс ҳам судлар томонидан маъмурий жавобгарликдан озод этилди.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон-пресс”