2013-08-19 20:05:00

СОҒЛОМЛАШТИРИШ ДАСТУРИ АМАЛДА

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан “Обод турмуш йили” Давлат дастурига мувофиқ, кам таъминланган оилалардаги ногирон болаларни жарроҳлик йўли билан даволаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ёрдам бериш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлом авлодни тарбиялаш борасида кўплаб ишларни амалга ошириб келмоқда. Шу мақсадда жамғарма томонидан бемор болаларни чет элнинг нуфузли клиникаларида даволаш махсус дастури ишлаб чиқилган.

Жорий йилнинг шу давригача “Соғлом авлод учун” жамғармаси бир қатор халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бемор ва ногирон болаларни соғломлаштириш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, жамғарма мазкур йўналишда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Жанубий Кореянинг “Save the Children” халқаро жамғармаси, Корея халқаро соғлиқни сақлаш “KOFIH” жамғармаси, “JCI Korea” халқаро ёшлар ташкилоти, Ин Ха ва Пундан Ча университетлари госпиталлари билан ҳамкорликда туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан оғриган ўзбекистонлик бемор болаларни бепул соғломлаштириш ишларини амалга оширмоқда.

Масалан, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти билан биргаликда тузган уч томонлама ҳамкорлик битимига кўра, ҳозирги кунга қадар 218 нафар ўзбекистонлик бемор болалар Германия клиникаларида соғломлаштирилди. Шу йилнинг 18 август куни эса навбатдаги 9 нафар бемор болалар даволаниш курсларини ўтаб, соғлом ҳолатда юртимизга қайтган бўлса, 14 нафар шундай ёрдамга муҳтож болалар даволаниш учн хорижга жўнатилди.

Латофат  ИБРАГИМОВА,

“Туркистон-пресс”