2017-05-27 13:26:00

ЖИЗЗАХДА «БАРКАМОЛ АВЛОД — 2017» МУСОБАҚАЛАРИ ҚИЗҒИН ДАВОМ ЭТМОҚДА

Жиззах шаҳрида «Баркамол авлод — 2017» спорт ўйинлари қизғин давом этмоқда. Мусобақанинг иккинчи куни қатор спорт турлари бўйича ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.

Жиззах олимпия захиралари коллежида дзюдо ва юнон-рум кураши бўйича мусобақалар ниҳоясига етди. Беллашувларда Тошкент вилояти вакиллари энг кўп очко тўплаб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Хоразм, учинчи ўрин Самарқанд вилоятлари жамоаларига насиб этди.

Юнон-рум кураши бўйича умумжамоа ҳисобида Бухоро вилояти спортчилари биринчи бўлди. Иккинчи ўринни Тошкент шаҳри, учинчи ўринни Самарқанд вилояти жамоалари эгаллади.

Жиззах политехника институтида волейбол бўйича учинчи ўрин учун баҳслар бўлиб ўтди. Қизлар ўртасида Хоразм вилояти терма жамоаси вакиллари фарғоналик тенгдошларини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, бронза медали билан тақдирланди. Ўсмирлар ўртасида Андижон вилояти терма жамоаси қашқадарёлик спортчиларни 3:2 ҳисобида енгди.

Қўл тўпи ва баскетбол бўйича бронза медаллари учун мусобақалар якунланди. Қўл тўпи бўйича қизлар ўртасида Қашқадарё вилояти, ўсмирлар ўртасида Жиззах вилояти терма жамоалари учинчи ўринни эгаллади. Баскетболчи қизлар баҳсларида Тошкент шаҳри, ўсмирлар ўртасида Самарқанд вилояти вакиллари совринли ўринларни эгаллади.

Ушбу спорт турлари бўйича финал мусобақалари 27 май куни ўтказилади.

Мусобақаларнинг иккинчи куни енгил атлетика, сузиш, футбол каби спорт турлари бўйича ҳам ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди.

Зиёдулла Жонибеков, Тошқул Бекназаров,

Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА